Ўзбекистон АҚШ билан рақамли санъат ва илм-фанда ҳамкорликни йўлга қўйди
Рақамли санъат ва илм-фан интеграцияси учун муҳим келишув имзоланди. Бу мамлакат маданий меросига қандай таъсир кўрсатади?
Маълумки, Президентимиз ташаббуси билан бир қанча ижодий бирлашмалар ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад маданият ва санъатнинг ҳар бир бўғинини алоҳида тизим сифатида ривожлантириш. Қайд этиш керакки, мазкур ташаббус қисқа фурсат ичида ўзининг ижобий самарасини бериб, қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, босқичма-босқич зарур халқаро ҳамкорликлар ҳам ўрнатилмоқда.
Ана шундай имкониятлардан фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон маданият вазири маслаҳатчиси, Рақамли санъат ижодий бирлашмаси раҳбари Рауф Набиев АҚШнинг "Albany университети" вице-президенти доктор Кароль Ҳ.Ким билан ҳамкорлик меморандуми имзолади. Меморандумга мувофиқ, Рақамли санъат ижодий бирлашмаси ва Касбий таълим агентлигининг тегишли мутахассислари ҳамда битирувчилари АҚШда R&D – тадқиқот ва ривожлантириш йўналишида таълим олиш имкониятига эга бўлади. Ҳамкорлик доирасида ўзбекистонлик ва америкалик олимлар иштирокида Ўзбекистон маданияти соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш кўзда тутилган. Бу эса миллий меросни замонавий илмий ёндашувлар асосида ўрганиш, рақамлаштириш ва янги технологиялар билан уйғунлаштириш учун муҳим имконият яратади.
Таъкидланишича, мазкур келишув Ўзбекистон маданияти соҳасида илм-фан, таълим ва рақамли технологияларни ўзаро интеграциялаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлиб, соҳада янги билим ва инновацион ёндашувларни шакллантиришга хизмат қилади. Шунингдек, ҳамкорлик натижасида мутахассисларнинг халқаро тажрибасини ошириш, илмий-тадқиқот салоҳиятини кучайтириш ҳамда Ўзбекистон маданиятини замонавий рақамли имкониятлар асосида ривожлантириш учун янги истиқболлар очилади.
Шербек Исломов,
ЎзА