Ўзбекистон – Албания алоқаларида янги иқтисодий ва сиёсий имкониятлар эшиги очилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай рафиқаси ҳамроҳлигида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турибди.
Замонавий дунёда давлатлараро муносабатларнинг муваффақияти харитадаги масофаларга боғлиқ бўлмай қолди. Бугун дўстона алоқалар сиёсий ирода ва ўзаро манфаатлар уйғунлиги билан белгиланмоқда.
Ўзбекистоннинг янгича, очиқ ва прагматик ташқи сиёсий стратегияси узоқ ва яқин ҳамкорлар билан тенг ҳуқуқли ҳамда дўстона алоқаларни изчил мустаҳкамлашга хизмат қиляпти. Албания Республикаси билан муносабатларнинг сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиши бу фикрнинг яққол исботидир.
Икки давлат ўртасида фаоллашаётган олий даражадаги сиёсий мулоқот нафақат дипломатик алоқаларни кенгайтириш, балки иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги улкан салоҳиятни рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар эшигини очмоқда.
Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги дипломатик муносабатлар тарихи 1993 йилга бориб тақалади. Лекин сўнгги йилларда ушбу алоқалар бутунлай янги мазмун ва суръат касб этди. 2025 йил 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеясининг 80-юбилей сессияси доирасида Ўзбекистон Президентининг Албания Президенти Байрам Бегай билан ўтказган музокаралари икки томонлама муносабатлар ривожида муҳим босқич бўлди.
Ўз навбатида, агросаноат мажмуи, “яшил” энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш соҳаларидаги кооперация дастурлари ҳар икки томон учун янги иш ўринлари ва ишлаб чиқариш қувватларини яратади.
Сиёсий доиралардаги юқори ишонч ва маданий-гуманитар соҳадаги алмашинувлар халқларимизни янада яқинлаштириши шубҳасиздир. Ўзбекистон ва Албания ўртасидаги кўп қиррали муносабатларнинг бугунги ҳолати, шубҳасиз, янги босқичга кўтарилди.
Кўксарой қароргоҳида 16 июнь куни Албания Республикаси Президенти Байрам Бегайни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олиб, шоҳсупага таклиф қилди.
Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Албания давлат мадҳиялари янгради. Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай расмий делегациялар иштирокида музокара ўтказдилар.
Икки давлат ўртасида амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди.
Учрашув аввалида давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ва Албания муносабатлари тарихида илк бор ўтказилаётган ушбу саммит алоҳида аҳамиятга эга эканини, унинг икки томонлама ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини қайд этди.
Сиёсий мулоқот ва турли даражадаги алоқалар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. БМТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида томонлар бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Товар айирбошлашни кенгайтиришга, агросаноат мажмуи, “яшил” энергетика, геология, ахборот технологиялари ва рақамлаштириш, туризм ҳамда бошқа муҳим соҳаларда кенг кўламли кооперация дастурини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон маҳсулотларини Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи бозорларига чиқаришда логистика хаби сифатида Албаниянинг Дуррес портидан фойдаланиш имкониятлари ўрганилади.
Иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Ҳамкорликнинг иқтисодий кун тартибини илгари суриш мақсадида Ҳукуматлараро комиссияни ташкил этиш ва унинг биринчи йиғилишини жорий йилда Тошкент шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.
Маданий-гуманитар соҳада томонлар ўзаро Маданият кунлари, кино намойишлари, кўргазма ва ижодий сафарларни ташкил этиш муҳимлигини таъкидладилар.
Етакчилар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Олий даражадаги музокаралар якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай Фахрий меҳмонлар хиёбонида биргаликда дарахт экдилар.
Ушбу маросим икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашув мустаҳкамланиб бораётгани, Ўзбекистон – Албания кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги босқич бошланганининг рамзи бўлди.
Олий мартабали меҳмон рафиқаси ҳамроҳлигида шу куни “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Мамлакатимизнинг ўтмиши ва келажаги ўртасидаги узвийликни ифодаловчи Мустақиллик монументи юртимизда юксак маънавият ва эзгу қадриятлар қарор топганидан далолат бериб, Ватанимизнинг тарихий илдизлари ва тараққиёт салоҳиятини яққол намоён этади.
Албания Республикаси Президенти Байрам Бегай Кўксарой қароргоҳидаги олий даражадаги музокаралардан сўнг Самарқандга ташриф буюрди.
Албания етакчиси Самарқанд билан танишувни Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилишдан бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан буюк муҳаддис бобомизнинг Ислом оламида тутган нуфузига мос тарзда янгидан бунёд этилган мажмуанинг улуғворлиги ва бу ердаги тарбявий-маънавий муҳит олий мартабали меҳмонда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, Имом Бухорий ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берувчи инновацион музейни Албания етакчиси ҳайрат билан томоша қилди.
Албания Республикаси Президенти Амир Темур мақбараси, Регистон мажмуаси, Мирзо Улуғбек музей-расадхонасида бўлди.
Бу тарихий обидалар билан танишув чоғида олий мартабали меҳмонга аждодларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти, Самарқанднинг инсоният цивилизацияси ривожидаги ўрни ва айни пайтда юртимизда тарихий-маданий ёдгорликларни асраб-авайлаш борасидаги ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Албания Республикаси Президенти Самарқанд халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасига ташрифи давомида бу ерда намойиш этилган миллий ҳунармандлик маҳсулотлари ва халқ амалий санъати намуналарини томоша қилиб, бой тарихга эга Янги Ўзбекистон Президент Шавкат Мирзиёев етакчилигида тараққиётнинг муҳим босқичига чиққанини эътироф этди.
Албания Республикаси Президенти Байрам Бегайнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари