Бугун пойтахтимизда ўтказилган матбуот анжумани «STADA Health Report 2024» тадқиқоти натижаларига бағишланди.
Унда Ўзбекистон ва Қозоғистондаги «STADA» компанияси вакиллари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Қайд этилганидек, тадбирда «STADA» компанияси ўзининг 11-сонли жамоат саломатлиги соҳасидаги «STADA Health Report 2024» тадқиқотини тақдим этди. Унда 23 мамлакатдан 18 ёшдан 99 ёшгача бўлган 46 минг иштирокчи соғлиқни сақлаш тизими, тиббиёт, сунъий интеллект, ёш ва кексайиш, руҳий саломатлик, ўз-ўзини парвариш қилиш, ташқи кўриниш бўйича онлайн сўровномага жавоб берган. Ўзбекистон иккинчи йил кетма-кет ушбу тадқиқотда иштирок этмоқда.
Ўзбекистон бўйича тадқиқот «Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази кўмагида ўтказилган. Қозоғистон резидентлари учинчи йил «STADA» тадқиқотида қатнашган. Сўров натижалари шуни кўрсатадики, улар Ўзбекистон фуқаролари билан солиштирганда ўз мамлакатлари соғлиқни сақлаш тизимини баҳолашда қатъийроқ эканлиги намоён қилган.
Матбуот анжуманида онлайн иштирок этган «STADA» компаниясининг Евросиё минтақасидаги вице-президенти Арминас Мацевичуснинг таъкидлашича, ушбу тадқиқот натижалари ташкилотимиз олдига инсонлар саломатлигига ғамхўрлик қилиш вазифасини қўяди.
– Биз 2014 йилдан бери «STADA Health Report 2024» ҳисоботини олиб борамиз. Бу вақт ичида тадқиқот чиндан ҳам халқаро миқёсдаги сўровномага айланди. Биз турли мамлакат ва турли минтақалар натижаларини солиштириш имконига эга бўлдик. Ҳисоботга Евроосиё минтақасидан икки давлатни қўша олганимиздан жуда мамнунман. Тиббиёт мутахассислари жамоатчиликнинг соғлиқни сақлаш тизимининг энг муҳим жиҳатлари бўйича фикрлари ва мамлакат аҳолисининг ўз соғлиғи билан боғлиқ муаммоларга қандай муносабатдалиги тўғрисида маълумотларга эга бўлиши учун биз тадқиқот натижаларини барчанинг эътиборига ҳавола этамиз, –деди Арминас Мацевичус.
[gallery-18002]
Тадбирда тақдим этилган тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикасида респондентларнинг 68 фоизи соғлиқни сақлаш тизими фаолиятидан, асосан, дори воситаларининг мавжудлиги, шифокорлар ва фармацевтларнинг касбий маҳорати, шунингдек, тиббиёт муассасалари билан ўзаро ҳамкорликнинг мунтазам равишдаги ижобий тажрибаси туфайли қониқишини таъкидлаган. Шу билан бирга, қўшни Қозоғистонда аҳоли соғлиқни сақлаш тизими фаолиятидан кўпроқ норози (67 фоиз) эканлигини кўриш мумкин.
Ўзбекистонда ижобий тенденцияга қарамай, респондентларнинг 28 фоизи тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатишнинг паст даражаси, 22 фоизи профилактик кўрикдан ўтиш имкони мавжуд эмаслиги ва 19 фоизи эса шифокор қабулини ташкил этишда қийинчиликларга дуч келган. Шунингдек, респондентлар даволаниш усуллари ва дори-дармонларни танлаш ҳамда уйда дорилар билан даволаниш имконияти йўқлигини таъкидлаган.
Тадқиқотга кўра, глобал сўровнома иштирокчиларининг 48 фоизи ишлаб чиқувчилар соғлиқни сақлаш сиёсати бўйича керакли тажрибага эга бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Ўзбекистонда бу фикрга қўшилганлар атиги 14 фоиздир. Респондентларнинг 60 фоизи шифокорларни касбий йўналтириш ва ўқитиш учун шарт-шароитлар яратилиши кераклигини таъкидлашса, 21 фоизи эса янада кўпроқ кадрларни жалб қилиш учун тиббиёт ходимларининг иш ҳақи даражасини ошириш зарурлигини айтган. Европа мамлакатларида бу нуқтайи назарга 47 фоиз иштирокчилар қўшилган. Шунингдек, респондентларнинг 18 фоизи дори воситаларини чет мамлакатлардан импорт қилишдан кўра, ўз юртида ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигини қайд этган. Бошқа мамлакатларда қатнашган респондентлар каби Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ҳам анъанавий тиббиётга ишонади. Эътиборлиси, бундай фикрга айнан 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган аҳоли вакиллари кўпроқ ишонч билдирган.
– Сўровномада қатнашган деярли барча мамлакатларда соғлиқни сақлаш тизими ҳолатидан қониқиш пасайишда давом этмоқда. Респондентлар келтирган сабаблар орасида тиббий буюмлардан фойдаланиш имкониятининг камайиши, тиббий хизматларнинг ёмон стандартлари, ходимларнинг етишмаслиги ва соғлиқни сақлаш бўйича сиёсат қарорларини қабул қилувчиларга бўлган ишончнинг йўқлиги киради. Бу масалада Ўзбекистон кўрсаткичлари бунинг аксини кўрсатмоқда – мамлакат аҳолиси соғлиқни сақлаш тизими ҳолатидан рекорд даражада қониқиш ҳосил қилмоқда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон дунёга фаол равишда очилмоқда ва бу ҳолат аҳолининг кайфиятига ижобий таъсир кўрсатмоқда. «STADA» компанияси ушбу жараённинг бир қисми сифатида одамлар саломатлигига ғамхўрлик қилишда давом этаётганидан мамнунмиз, – дея таъкидлади ушбу компаниянинг Ўзбекистондаги бош директори Бахтиёр Ҳожимуҳаммедов.
Шунингдек, тадбирда шифокорлар иштирокида инсон саломатлигини асраш омиллари мавзусида суҳбат ташкил этилди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат),ЎзА