Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг Ўзбекистон Республикаси сайланган Президентининг лавозимига киришишига бағишланган қўшма мажлиси давом этмоқда.
Миллий иқтисодиётни, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида ривожлантириш устувор вазифалардан. Президентимиз мамлакатимиздаги мавжуд ресурс ва имкониятларни сафарбар этган ҳолда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажмини янада ошириш мақсад қилинганини қайд этди.
–Насиб этса, 2030 йилга бориб, Ўзбекистон жон бошига ҳисоблаганда, аҳоли даромадлари ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин эгаллайди. Бунга, аввало, хусусий секторни рағбатлантириш ва унинг улушини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳисобидан эришиш кўзда тутилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев. –Жумладан, “хом ашёдан – тайёр маҳсулотгача” деган тамойил асосида драйвер соҳаларда кластер тизимини ривожлантирамиз. Иқтисодиётда юқори ўсиш суръатларига эришиш учун, аввало, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаб, инфляция даражасини белгиланган 5 фоизгача пасайтириш чоралари амалга оширилади. Шунингдек, бюджет ва ташқи қарз барқарорлигини таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг имкониятларини кенгайтиришга биринчи даражали эътибор қаратилади. Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини камайтириш, ҳаммага тенг бўлган бизнес муҳитини ва зарур инфратузилма яратиш бўйича бошлаган ислоҳотлар қатъий давом эттирилиши таъкидланди.
Жараённи ЎзАда кузатиб боринг.