Ўзбекистон, Афғонистон ва Тожикистон тадбиркорлари Сурхондарёда учрашди
Марказий Осиё давлатлари иқтисодий алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда. Тошкентда ўтган “Made in Afghanistan” кўргазмасидан сўнг Афғонистон ва Тожикистон ишбилармонларидан иборат йирик делегация Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди. Денов туманидаги “Қўзичоқли” ёшлар саноат зонаси қўшни давлатлар тадбиркорлари учун муҳим мулоқот майдонига айланди. Ташриф доирасида маҳаллий маҳсулотлар кўргазмаси ташкил қилиниб, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ишлаб чиқарилаётган саноат моллари хорижлик меҳмонларга намойиш этилди. Шунингдек, Афғонистондан 30 га яқин, Тожикистондан 20 нафар тадбиркор ўзбекистонлик ҳамкасблари билан B2B учрашувлари орқали музокара олиб боришди.
Ушбу тадбирлар минтақавий иқтисодиётни ривожлантириш йўлида стратегик қадам сифатида баҳоланмоқда. Асосий мақсад – қўшни давлатлар билан савдо-сотиқни ривожлантириш, республикамиз саноати салоҳиятини халқаро бозорда тарғиб этиш ва минтақавий барқарорлик орқали иқтисодий ўсишни таъминлаш. Иштирокчилар бундай бизнес-мулоқотлар нафақат Сурхондарё, балки бутун минтақа учун янги имкониятлар яратишини эътироф этдилар.
Ф. Яхшибоева, ЎзА