Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ҳамкорлигида Ўзбекистон-2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” йилида амалга ошириш бўйича давлат дастури ва уни тасдиқлаш тўғрисидаги Президент фармони лойиҳалари муҳокамасига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.
Ушбу лойиҳани таҳлил қилиш, ННТ фикр ва мулоҳазаларини ўрганиш ҳамда билдирилган таклифларни умумлаштирган ҳолда тегишли ташкилотларга тақдим этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги қатор ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакиллари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.

Таъкидландики, 2025 йил давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон-2030” стратегиясининг 5 йўналиши – экология, ижтимоий сиёсат, яшил иқтисодиёт, давлат бошқаруви ва суд-ҳуқуқ, ташқи сиёсат ва хавфсизлик кесимида 295 амалий чора-тадбир, 87 норматив-ҳуқуқий ҳужжат, 269 мақсадли кўрсаткич белгиланган.
Хусусан, атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисодиёт” масалаларига асосий эътибор қаратилиши баробарида ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида жорий йилга мўлжалланган кенг кўламли ислоҳотлар назарда тутилган.

Албатта, мазкур ҳужжат қабул қилинишида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг фикри ҳам муҳим. Шу нуқтаи назардан учрашув мулоқот ва таклифларни умумлаштириш учун яхши майдон бўлиб хизмат қилди.
Масалан, Давлат дастури асосида фуқаролик жамияти институтлари, жумладан нодавлат нотижорат ташкилотлари зиммасига қатор вазифалар тушади. Хусусан, ижтимоий хизмат кўрсатишда нодавлат сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг замонавий билим, кўникма ва малакасини оширишга қаратилган “Маърифат улашиб” лойиҳасини амалга ошириш, ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, уларнинг замонавий техника ва технологиялардан фойдаланиш маҳоратини ошириш, 8 минг нафаргача ёшни замонавий касбларга ўқитиш, касбий кўникма ва малакаларини ривожлантириш орқали ўғил-қизларимиз бандлигини таъминлаш ҳамда касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор ва “уста-шогирд” мактаблари улушини ошириш чоралари кўрилади.

Ҳужжатда эркин ва кучли фуқаролик жамиятини ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижадорлигини сарҳисоб қилиш ва истиқболни белгилашга алоҳида эътибор қаратилган. Яъни, давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари ҳамда маҳаллий ва халқаро экспертлар иштирокида “Фуқаролик жамияти ҳафталиги”ни ўтказиш, фуқаролик жамияти ва ижтимоий соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган жамоалар, фаол фуқароларни “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони билан тақдирлаш ҳамда “Фуқаролик ташаббуси” миллий мукофоти танловини ўтказиш таклиф этилмоқда.

Давлат дастурининг ҳар бир йўналиши қизғин муҳокама этилган давра суҳбатида иштирокчилар инсон ҳуқуқини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, соҳалар кесимида жамоатчилик назоратининг таъсирчан механизмини қўллаш, қолаверса хотин-қизлар ва ёшлар, экология, соғлиқни-сақлаш ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш йўналиши бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.
Тадбир сўнгида фуқаролик жамияти вакиллари 22 январга қадар давом этадиган Давлат дастури лойиҳаси муҳокамаларида янада фаол иштирок этишга чақирилди.
Азиза Алимова, ЎзА