Қорақалпоғистон Республикаси Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида"ги фармонининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтиришга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Жўқорғи Кенгес, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар, ёшлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, жамият ислоҳотлар ташаббускори тамойилини амалга ошириш мақсадида аҳолининг давлат ва жамият бошқарувидаги иштирокини кенгайтиришга қаратилган қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонун қабул қилинди, маҳаллий бюджет маблағларини аҳоли фикри асосида сарфлаш бўйича “Ташаббусли бюджет” лойиҳасини амалга ошириш йўлга қўйилди, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишидан олдин жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш лозимлиги белгиланди ва амалиётга татбиқ этилди.
[gallery-13633]
Стратегияни амалга оширишда фуқаролик жамияти институтларининг роли ва аҳамияти, айниқса, масъул идоралар томонидан юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан жамоатчилик мониторинги ва жамоатчилик назорати каби тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Стратегия ижросини таъминлашда барча бирдек масъул эканлиги ва белгиланган мақсадларга бу борадаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш орқалигина эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари.