Ўзбек туризми 2024 йил қандай ютуқларга эришди?
Сўнгги йилларда туризм миллий иқтисодиётимизнинг ўсиш омилларидан бири сифатида бошқа турли тармоқларни ҳам ривожлантириш драйверига айланди. Айниқса янги иш ўринлари яратишда ушбу соҳа беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистонда туризм индустрияси ва хизматини ривожлантиришга давлат томонидан алоҳида эътибор берилмоқда. Жорий йилнинг 10 ойи давомида 18 меъёрий ҳужжат – Президентнинг 3 фармони ва 6 қарори, ҳукуматнинг 9 қарори тасдиқлангани ҳам фикримизни исботлайди.

Соҳанинг норматив-ҳуқуқий асоси такомиллаштирилиб, мунтазам равишда тадбиркорларга солиқ имтиёзи, преференция тақдим этилиб, миллий туризм салоҳиятини ички ва ташқи брларда самарали тарғиб қилиш учун шароит яратилмоқда, виза тартиби либераллаштирилиб, қулай сайёҳлик муҳити шакллантирилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси юртимиз сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш йўлида муҳим қадамлар ташлади.
Йил рақамларда...
2024 йил давомида диёримизга жами 8,6 миллион нафар хорижий сайёҳ келди. Уларга 2,7 миллиард долларлик хизмат кўрсатилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,5 баробар кўп. Европа ва бошқа минтақалар ҳамда қўшни давлатлардан келувчиларнинг ўртача харажати 2022 йилга нисбатан 1,5 баробар ошган.

Мақсадли хорижий давлатлардан туризм оқими сезиларли жадаллашди. Жами миқдорда чегарадош ўлкалар фуқаролари улуши 2018 йилдаги 87 фоиздан 80 фоизга тушди, Кўҳна қитъа ва бошқа узоқ давлатлар ҳиссаси 5,3 фоиздан 9,0 фоизга кўтарилди.
Туризм тузилмалари фаолияти
Сайёҳларга хизмат кўрсатувчи 762 янги субъект фаолияти йўлга қўйилиши натижасида туристик ташкилотлар ва турагентлар сони 3581 тага етди. Бугунги кунда республикамиз бўйлаб 3200 гид-экскурсовод ишлаяпти. Жорий йилнинг ўзида айни рақам 700 тага ортди.
Ўзбекистон туризм салоҳиятини Европа, Шимолий Америка, Осиё-Тинч океани, Яқин Шарқ, Хитой ва Марказий Осиё минтақаларида кенг тарғиб қилиш мақсадида “World Media Group”, “Blue Sky”, “Sky one”, “Wanderlust”, “Euronews”, “BBC”, “National Geographic”, “CNN” “Travel Tomorrow”, “Warner Bros. Discovery”, “Saga travel Group” халқаро медиакорпорациялари, шунингдек “Ctrip.com”, “Holiday factory”, “Voyage Prive” онлайн саёҳат платформалари каби қатор хорижий ташкилотлар ва телевидениелар билан шартнома асосида халқаро миқёсда мамлакатимиз имижи илгари сурилгани эътирофга лойиқ.
Ўзбекистон халқаро кўргазмалар ва маданий тадбирларда фаол
2024 йил дунёнинг етакчи 16 мамлакатида бўлиб ўтган 18 халқаро ярмаркада Ўзбекистон миллий туризм стенди билан иштирок этди. 12 давлат – Хитой, Эрон, Тожикистон, Буюк Британия, Малайзия, Сингапур, Индонезия, Кувайт, Беларусь, Венгрия, Жанубий Корея ва Россияда “Road show” маданий ва тақдимот тадбирлари ўтказилди. АҚШ, Япония, Германия ва Хитойда юртимиз туризм бренди элчилари ва вакиллари тайинланди.

25-26 апрель кунлари “Шаҳрисабз – Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти туризм пойтахти” халқаро форуми, “Хива – 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти” шиори остида жорий йил 31 май-2 июнь кунлари Хива шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар туризм вазирлари ХII йиғилиши юқори савияда ўтказилди.
Илк бор март, август ва сентябрь ойларида барча ҳудудларда “Ички туризм ярмаркалари” ташкил қилиниб, ички туризм йўналишидаги 1700 га яқин тадбиркорлик субъекти, 18 000 дан ортиқ иштирокчи тўпланди. Тадбирлар давомида ички саёҳатлар ташкил этиш билан боғлиқ 20 миллиард сўмлик 1300 шартнома ва битим имзоланди.
Йил бошидан бугунги кунга қадар 20 дан кўп давлатнинг 100 га яқин оммавий ахборот воситаси вакиллари, блогер ва инфлюенсерлар учун юртимиз бўйлаб 24 марта инфо ва пресс-тур ташкил қилинди.
Хориж эътирофи
Жаҳон иқтисодий форуми томонидан эълон қилинган “Саёҳат ва туризмни ривожлантириш индекси” тадқиқотига кўра, мамлакатимиз 2024 йил “Туризмни ривожлантириш бўйича дунёнинг энг фаол мамлакати” деб топилди. Бу эътироф мамлакатда халқаро сайёҳларни жалб қилиш ва барқарор туризмни ривожлантиришга эътибор кучайиб бораётганини билдиради.

Лондонда бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон нуфузли “Wanderlust Reader Travel Awards 2024” мукофотининг “Энг яхши ривожланаётган йўналиш” номинациясида ғолиб чиқди.
“Russian traveler” журнали ўтказган нуфузли танлов ҳайъати жорий йил Ўзбекистонни “МДҲ мамлакатлари орасида энг яхши саёҳат йўналиши” деб атади.
Имкониятлар
Мамлакатимизда туризм сектори тез ривожланмоқда, хизмат сифати яхшиланмоқда:
– Визасиз режим кучайтирилган. 90 дан ортиқ давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз кириш имкони мавжуд. Туристларга жараённи осонлаштириш учун электрон виза тизими жорий қилинган.
– Ички транспорт инфратузилмаси тез ривожланмоқда. Ҳаво, темир йўл ва автобус қатнови яхшиланган. Такси ва каршеринг хизмати мавжуд. Сайёҳлар жуда осон ва қулай ҳаракатланади.
– Кўплаб замонавий меҳмонхона ва курортлар, туризм марказлари очилган. Ушбу мажмуаларда замонавий хизматлар, шунингдек спорт зали, ресторан ва сув ҳавзаси фаолияти йўлга қўйилган.
– Ўзбекистон тарихий ва маданий йўналишлар, жумладан ўзига хос меъморий ёдгорликларга бой, гўзал табиатга эга. Самарқанд, Бухоро, Хива каби тарихий шаҳарлардаги обидалар жуда жозибадор.
– Сувенирлар, маҳаллий товарлар харид қилиш имконияти бисёр. Ҳудудларда кўплаб дўконлар очилган. Маҳаллий қолиплар, анъанавий ҳунармандлик маҳсулотлари кенг тарқалган.
– Экскурсия хизмати ривожланган. Профессионал гидлар етарли, турлар ташкил этилган. Бу жараёнда сайёҳлар тарихий ва маданий ёдгорликларни, табиатни тадқиқ қилиши мумкин.
– Диёримизда туризмни ривожлантириш учун рақамли хизматлар ҳам кенг йўлга қўйилган. Масалан, мобил иловалар ва онлайн платформалар орқали ҳар қандай маълумотни олиш, тур ва хизматларга буюртма бериш имкони бор.
Тиббий туризм – меҳмондўстлик дастури
Йил давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури доирасида қатор ишлар амалга оширилди.
Мамлакатимиз маданияти, тарихи ва анъаналарини дунёга кенг намойиш этувчи йўналиш сифатида туризм давлатларни ўзаро яқинлаштирибгина қолмай, халқаро муносабатларни ривожлантиришнинг ҳам муҳим омили ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан халқаро туризм индустриясини оқилона ташкил этиш, бошқариш, ривожлантириш, жойлаштириш воситаларини такомиллаштириш, бу борадаги жаҳон тажрибасини ўзлаштириш Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда тайёрланди.
Беҳруз Худойбердиев,
ЎзА мухбири