Ўзбек тили – миллий ўзлик таянчи
Тил – халқнинг тарихий хотираси, миллий тафаккури ва маънавий қиёфасини сақлайдиган бебаҳо қадриятдир. У инсонни аждодлари билан боғлайди, дунёни англаш тарзини шакллантиради ва келажак авлодга маънавий тажрибани етказади. Шу маънода Ўзбек тили байрами фақат бир санани нишонлаш эмас, балки тилга бўлган кундалик муносабатимиз, ундан тўғри ва масъулият билан фойдаланишимиз хусусида яна бир бор ўйлаш имкониятидир.
Бугун илм-фан, технология ва халқаро мулоқот тез суръатлар билан ривожланаётган бир пайтда она тилининг нуфузи алоҳида аҳамият касб этмоқда. Тилнинг қадри унинг фақат тарихийлиги ёки гўзаллигидан эмас, балки жамиятнинг барча соҳаларида тўлиқ ва табиий қўлланишидан, авлодлар ўртасидаги маънавий боғлиқликни таъминлай олишидан билинади. Шу боис ҳар биримиз она тилига муносабатни оддий одат эмас, фуқаролик ва маънавий масъулият деб англашимиз керак.
Профессор Миразиз Миртожиевнинг «Ўзбек тилида полисемия» асарида кўп маъноли сўзлар тил луғати таркибининг муҳим бирликлари экани таъкидланади. Бундай сўзларнинг кўплиги халқ тафаккурининг образли ва боғланишли фикрлашга бойлигини кўрсатади. Масалан, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»да оддийгина бош сўзининг йигирмага яқин маъноси изоҳланган. Унинг бош кўтармоқ, бош қўшмоқ, бош қотирмоқ, бошини эгмоқ, бир ёқадан бош чиқармоқ, боши берк кўчага кириб қолмоқ каби ибораларда келиши ҳам тилимизнинг семантик ва образли имкониятларини намоён этади. Тилнинг қудрати ана шу маъно қатламларида, сўз билан сўзнинг ўзаро муносабатида, зарур пайтда фикрни аниқ, зарур пайтда эса нозик ифода эта олишида кўринади. Шунинг учун она тилини ўрганиш имло ёки грамматика қоидаларинигина билиш эмас. У халқнинг тафаккур тарзи, тарихий хотираси, одоби ва дунёга муносабатини англаш демакдир.

Она тилимиз ҳақида ўйлаган ҳар бир ўзбекнинг хаёлига, албатта, Низомиддин Мир Алишер Навоий ижоди келади. Навоий ҳазратлари ижодининг улуғворлиги, уммондай сарҳадсиз ва чуқурлиги бутун дунё томонидан эътироф этилган. Она тилимиз ҳам ана шундай уммон. Биз унинг кенглиги ва мавжланишини тўла тасаввуримизга сиғдира олмаймиз. Буюк бобомиз мероси ўзбек тилида энг мураккаб фалсафий фикрни ҳам, энг нозик инсон туйғусини ҳам юксак бадиий даражада ифода этиш имкони борлигини кўрсатади.
Хорижий тилларни билиш бугунги кунда катта эҳтиёж ва имкониятдир. Аммо бошқа тилни ўрганиш ўз она тилимизга бепарволик қилишни англатмайди. Масала ўзлашма сўзнинг тилга киришида эмас, балки ўзбекча муқобили бор ҳолда уни изламаслик ва қўлламасликдадир. Айрим пешлавҳа, реклама ва хизмат кўрсатиш номларидаги чет тил бирликлари кўпчиликка тушунарсиз бўлиб қолмоқда. Шаҳар, мурожаат маркази, хиёбон, савдо маркази каби аниқ ва табиий бирликлар мавжуд экан, улардан унумли фойдаланиш тилга ҳурматнинг оддий кўринишидир.
Тил софлиги уни сунъий равишда ёпиб қўйиш дегани эмас. Тил тирик организм каби янгиланади, янги воқеликлар билан бирга янги атамалар ҳам пайдо бўлади. Лекин бу жараёнда меъёр, тушунарлилик ва миллий тил қонуниятлари устувор бўлиши керак. Янги тушунча учун ўринли ўзбекча атама яратиш, унинг мазмунини изоҳлаш ва оммалаштириш фан аҳли, оммавий ахборот воситалари ҳамда таълим тизимининг умумий вазифасидир.
Тил тараққиётига дахлдор яна бир муҳим масала – атамаларнинг изчил ва оммабоп бўлишидир. Илм-фан ва техникадаги ҳар бир янгилик ўзбекча аниқ, қисқа ва мазмундор ифодани талаб қилади. Атама мутахассислар учунгина эмас, кенг жамоатчилик учун ҳам тушунарли бўлса, у билимнинг оммалашишига хизмат қилади. Шунинг учун янги сўзларни яратишда тилнинг ички имкониятлари, миллий тафаккур ва қўлланиш қулайлиги биргаликда ҳисобга олиниши лозим.
Бугун она тилининг тақдири китоб ва дарсхона билангина чекланмайди. У телефон экранида, ижтимоий тармоқдаги ёзувда, электрон ҳужжатда, рекламада ва кундалик хабарлашувда ҳам намоён бўлади. Биргина хабар ёки эълондаги имло хатоси, бемаъни қисқартма ёки тушунарсиз аралашма минглаб кишининг тилга муносабатига таъсир қилади. Шу боис рақамли маконда ҳам адабий тил меъёрларига амал қилиш, мазмунни равшан ва ҳурмат билан баён этиш зарур.
Рақамли муҳитда тил маданияти фақат имло билан ўлчанмайди. Электрон ҳужжат, интернет саҳифаси ёки ижтимоий тармоқдаги ҳар бир матн уни ўқиган инсонга муассаса, муаллиф ва умумий маънавий муҳит ҳақида тасаввур беради. Шу сабабли давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари ҳамда оммавий ахборот воситалари ўзбек тилидаги матннинг равонлиги, аниқлиги ва услубий меъёрига эътиборли бўлиши зарур. Бу эътибор тилга эҳтиромни амалий тарзда намоён этади.
Хорижий тилни яхши билмаслик камчиликдай туюлади. Лекин она тилимизда бир варақ матнни хатосиз ёза олмаслигимиз бизни етарлича ўйлантирмайди. Фарзандларимизнинг чет тилини ўрганишига алоҳида аҳамият қаратамиз, аммо унинг она тилидаги нутқ маданияти ва ёзма саводхонлигига ҳам шунча эътибор беришимиз лозим. Ахир ёзма саводхонлик шахснинг савиясини, фикрни тартибли баён қила олишини ва бошқаларга бўлган ҳурматини кўрсатувчи омиллардан биридир.
Она тилига муҳаббат, аввало, оилада бошланади. Боланинг биринчи сўзи, биринчи эртаги ва биринчи саволи она тилининг оҳанги билан уйғунлашади. Ота-она, тарбиячи ва ўқитувчи сўзга эътиборли бўлса, болада ҳам тўғри нутққа, китобхонликка ва миллий маданиятга қизиқиш шаклланади. Университет ва мактабда эса тилни фақат фан сифатида эмас, балки фикрлаш ва мулоқот маданияти сифатида ўқитиш муҳим.
Ҳамма нарсада меъёр муҳим. Дорини белгиланган меъёрда истеъмол қилсангиз, даво бўлади, ортиқчаси эса асорат келтиради. Бошқа маданиятлардан илғор тажриба олиш, дунё билан ҳамнафас бўлиш зарур. Аммо бу жараён ўзлигимизни, миллий дидимизни, андиша, орият, инсоф, каттага ҳурмат ва кичикка иззат каби фазилатларни сусайтирмаслиги керак. Тил ана шу қадриятларни авлоддан авлодга етказадиган энг ишончли кўприкдир.
Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини ошириш ва жамиятнинг барча соҳаларида тўлиқ қўлланишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифасидир. Давлат бошқаруви, таълим, илм-фан, технология, банк-молия, тиббиёт, ҳуқуқшунослик ва дипломатия соҳаларида ўзбек тилининг имкониятларидан самарали фойдаланиш учун сифатли атамалар, мукаммал луғатлар ва пухта услубий қўлланмалар зарур. Бу борада қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар тилни асраш, бойитиш ва аҳолининг нутқ маданиятини юксалтиришга хизмат қилади. Аммо тилнинг нуфузи фақат ҳужжат ва қарорлар билан эмас, ҳар биримизнинг кундалик муносабатимиз билан ҳам белгиланади. Тўғри ёзиш, ўринли сўзлаш, расмий матнни аниқ тузиш, фарзандга она тилида китоб ўқиб бериш, маҳалла ва иш жойида адабий тил меъёрларига амал қилиш – буларнинг барчаси катта мақсаднинг кичик, аммо таъсирчан қадамларидир.
Бугунги кунда ўзбек тилининг рақамли имкониятларини кенгайтириш ҳам долзарб вазифадир. Электрон луғатлар, имло текширув дастурлари, миллий матн корпуси, сифатли таржима ва нутқий технологиялар она тилимизнинг замонавий ахборот маконидаги ўрнини мустаҳкамлайди. Бундай воситалар қанчалик ишончли ва омма учун қулай бўлса, ўзбек тилининг билим, мулоқот ва инновация тили сифатидаги мавқеи шунчалик юксалади.
Ўзбек тили байрами арафасида асрлар оша сайқалланиб, зуғум ва синовларни енгиб ўтган, қадимий ва навқирон, теран ва бийрон она тилимга қараб: “Мангу омон бўл, она тилим! Минг йиллар оша халқимиз онгу шуурига, руҳияти ва тарихига кўзгу, ҳисларига таржимон бўлиб хизмат қилавер!”, – дегим келади. Бу тилак байрам кунларидагина эмас, ҳар бир кунимиздаги тил маданияти ва амалий масъулиятимизда ўз ифодасини топсин.
Обидхон Ҳусанхўжаев,
Наманган давлат университетининг Филология факультети декани, филология фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент
ЎзА