Фан олимпиадалари адолатли ва шаффоф ўтказилади
Жорий йил 15 октябрда мамлакатимизда асосий фан олимпиадаларининг туман, шаҳар босқичлари бошланиши белгиланган. Ана шу жараёнларни белгиланган талаблар асосида, адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш бўйича Андижон вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда бошқарма туман, шаҳар бўлимларининг фан олимпиадаси ўтказилишига масъул ходимлар иштирок этди.
Ўқув семинар очилишида сўз олган бошқарма бошлиғи ўринбосари Исмоил Мирзаев бу борадаги ишларни самарали ташкил этиш хусусида гапирди.


Семинарда Республика фан олимпиадалари маркази масъул ходими Ф.Обилов олимпиаданинг туман, шаҳар босқичини ташкил этиш, ўтказиш тартиб ва жараёнлари юзасидан кенг тушунча ва маълумотлар берди.

Хусусан, белгиланган тартиб ва баҳолаш мезонларига риоя этиш, жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда ҳудудий масъулларнинг вазифаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Фахриддин Убайдуллаев
ЎзА мухбири