Ўзбек стартаплари учун Кореяда қандай имкониятлар бор?
Сеул шаҳрида Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Жамол Махсудов, "IT Park Uzbekistan" ижрочи директори Жаҳонгир Ражабов ҳамда Корея Стартаплар ва тадбиркорликни ривожлантириш институти (KISED) президенти Ю Жон Пил ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда стартап экотизимларини ривожлантириш, технологик компанияларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда Ўзбекистон ва Корея тадбиркорлари ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
“KISED” — Корея Республикаси Кичик ва ўрта бизнес ҳамда стартаплар вазирлиги ҳузуридаги давлат институти бўлиб, тадбиркорлик ва технологик стартапларни қўллаб-қувватлашга қаратилган миллий дастурларни амалга оширади.
Учрашувда Корея бозорига чиқишга қизиқиш билдираётган Ўзбекистон компаниялари ҳамда Ўзбекистон ва Марказий Осиё бозорларини ўрганаётган корейс стартаплари учун қўшма стартап алмашинуви ва “юмшоқ кириш” дастурини йўлга қўйиш имконияти ҳам муҳокама қилинди.

Мазкур дастур доирасида бозорга чиқиш бўйича маслаҳатлар, менторлик ёрдами, маҳаллий ҳамкорларни излаш ҳамда бизнес ва бизнес учрашувларини ташкил этиш назарда тутилиши мумкин.
Шунингдек, “IT Park Uzbekistan”нинг истиқболли стартапларини “KISED” томонидан қўллаб-қувватланадиган халқаро дастурларга жалб қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар 2027 йилда икки мамлакат стартаплари, инвесторлари, акселераторлари ва корпоратив ҳамкорлари иштирокида Ўзбекистон — Корея стартаплар форумини ўтказиш истиқболини ҳам муҳокама қилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кореяга ўзаро бизнес-миссияларни ташкил этиш, улар доирасида бизнес ва бизнес учрашувлари, инвестиция сессиялари, технологик компанияларга ташрифлар ҳамда янги бозорларга чиқишга қаратилган тадбирларни ўтказиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқотнинг яна бир муҳим йўналиши стартап экотизимини ривожлантириш бўйича тажриба алмашиш бўлди. “IT Park Uzbekistan” ва Рақамли технологиялар вазирлиги ходимлари учун Кореянинг стартапларни қўллаб-қувватлаш механизмлари, технологияларни тижоратлаштириш, корпоратив очиқ инновация моделлари ва инновацион инфратузилмани ривожлантиришга бағишланган семинар ҳамда таълим дастурларини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув якунида икки мамлакат стартапларининг янги бозорлар, инвестициялар ва халқаро ҳамкорликка чиқиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган амалий ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА