Ўзбек спортининг юксалиш тенденциялари Красноярск форумида эътироф этилди
Россия Федерациясининг Красноярск шаҳрида 20 га яқин давлат спорт мутахассислари иштирокида ўтган “Россия – спорт мамлакати” халқаро форумида Ўзбекистон спортининг мутасадди ва мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромов “Глобал ўзгаришлар даврида дунёни бирлаштираётган спорт”, “Янгича форматдаги ҳамкорлик алоқалари ва мусобақалар”, Ўзбекистон антидопинг маркази раҳбари Абдушукур Содиқов “Антидопингнинг глобал тизимлари: Ривожланишдаги янгича талқинлар”, Ўзбекистон эшитиш қобилияти паст спортчилар федерацияси раҳбари Даврон Хидиров “Эшитишда нуқсони бор спортчиларга яратилаётган шарт-шароитларнинг миллий модели” мавзусидаги чиқишларида янги Ўзбекистон спортининг юксалиш тенденциялари ҳақидаги қизиқарли ва илмий асосланган маълумотлар тақдим этилди.

Ушбу форум доирасида Ўзбекистон спорт делегацияси аъзолари Беларусь Республикаси спорт ва туризм вазирлиги мутасадди ва мутахассислари билан икки мамлакатнинг спорт соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш, ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда истиқболдаги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикрлашишди.

Шунингдек, мамлакатимиз спорт соҳаси вакиллари форум давомида Сербия, Бразилия, Кения каби бир қатор давлатларнинг спорт соҳаси мутасаддилари билан жисмоний тарбия ва спортнинг турли йўналишлари ҳақида суҳбатлашди.
Мулоқотлар жараёнида тажриба алмашиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Т.Рўзиев,
ЎзА