Боку шаҳрида “Марказий Осиё ва Жанубий Кавказ сўз эркинлиги тармоғи” (CASCFEN) томонидан таъсис этилган “Рамиз Асқар – Турк дунёсига хизмат мукофоти” ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Озарбайжоннинг BAYRAQDAR MEDİA онлайн медиа-ресурси.
Айтиш жоизки, Рамиз Асқар туркий тиллар равнақи ва маданияти бўйича самарали изланишлар олиб борган атоқли олимлар сирасига киради. У ўзбек адабиётига бағишлаб йигирмага яқин китоб нашр қилди. Айниқса, улуғ олимнинг Ҳазрат Навоийнинг “Хамса” асарининг озар тилига маҳорат билан ўгиргани таҳсинга лойиқ.

Бундан ташқари Рамиз муаллим Бобур ижоди ва фаолиятига боғлиқ бир қанча асарлар яратди. Юртимизда фаолият юритаётган Бобур номидаги Халқаро жамоат фондининг Бобур номидаги Халқаро мукофоти билан тақдирланган. Рамиз домла Ўзбекистоннинг “Дўстлик” орденига сазовор бўлиши билан бирга 22 давлатнинг мукофотлари соҳиби эди. Озарбайжонда “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси”ни тайёрлаб нашр қилдирди. Рамиз Асқар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзоси эди. Рамиз муаллим ўзбек ва озарбайжон дўстлик алоқалари, айниқса, адабий ришталаримизнинг янада бардавом ва мустаҳкам бўлиши йўлида самарали меҳнат қилган, Ўзбекистонимизга, миллий адабиётимизга, халқимизга чексиз меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлган фидойи ижодкор эди.
“Рамиз Асқар – Турк дунёсига хизмат мукофоти” ғолибларини тақдирлаш маросимида турк дунёсининг маданий, ижтимоий ва илм-фан ривожига катта ҳисса қўшган, ижод дунёсида ўз ўрнига эга таниқли шахслар мукофотланди. Боку шаҳрида илк бора таъсис этилиб, ижодкорларга топширилган мазкур мукофот эгалари орасида Ўзбекистон ва Озарбайжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, истеъдодли шоира Хосият Рустамованинг ҳам борлиги бизни қувонтиради.

Хосият Рустамова 1971 йил 19 мартда Наманган вилояти, Чуст туманидаги Олмос қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетини тамомлаган.
«Осмондаги уй», «Нажот», «Ридо», «Девор» каби шеърий тўпламлари нашр этилган. Марина Цветаева, Анна Ахматованинг шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Айни пайтда у халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилган ижодкордир. Хосият Рустамованинг бир қатор китоблари кўплаб хорижий давлатларда нашр этилган.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири