Бугунги кунда тиббиёт соҳасида инфекцияланган яраларни самарали ва тезкор даволаш долзарб масала ҳисобланади. Анъанавий боғламалар ҳар доим ҳам кутилган натижани бермаслиги ва бактериал инфекцияларни тўлиқ бартараф этмаслиги сабабли янги авлод биоматериалларини яратиш зарурати туғилмоқда. Шу боис, замонавий илм-фан ютуқларига асосланган инновацион ишланмаларни тиббиёт амалиётига жорий этиш муҳим аҳамият касб этади.
ФАнинг Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Целлюлоза ва унинг ҳосилалари кимёси ва технологияси лабораторияси олимлари халқаро ҳамкорлар билан биргаликда инфекцияланган яраларни даволаш учун мўлжалланган янги авлод кўп функцияли гидрогел боғламасини яратди. Ушбу тадқиқот натижалари нуфузли “Chemical Engineering Journal” журналида эълон қилиниб, халқаро миқёсда эътироф этилди.

Ишлаб чиқилган гидрогел юқори ёпишувчанлик, эластиклик, антиоксидант ва антибактериал хусусиятларга эга. У ярани самарали ёпиб, ташқи омиллардан ҳимоялайди ҳамда битиш жараёнини тезлаштиради. Гидрогел таркибида поливинил спирт, мидия мусини, темир ионлари ва артемизинин қўлланилган бўлиб, унинг икки тармоқли тузилиши юқори механик мустаҳкамликни таъминлайди. Натижада материал тери тўқималарига мустаҳкам ёпишиб, узоқ муддат барқарор сақланади.
Тажриба натижалари гидрогелнинг бактерияларга қарши юқори самарадорлигини кўрсатди. У яллиғланиш жараёнларини камайтиради, оксидловчи стрессни пасайтиради ҳамда тўқималар регенерациясини рағбатлантирувчи ўсиш омилларининг экспрессиясини оширади. Натижада инфекцияланган яраларда тери тўқималарининг тикланиш жараёни тезлашиб, соғайиш муддати қисқаради.
Мазкур инновацион ишланма анъанавий боғламаларга нисбатан самарали ва истиқболли ечим сифатида баҳоланмоқда. Ўзбекистон ФА Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари ҳаёт учун муҳим бўлган, амалий аҳамиятга эга инновацион ишланмалар устида мунтазам изланишлар олиб бораётгани қувонарлидир. Хусусан, ушбу гидрогел лойиҳаси институт олимларининг илмий салоҳияти ва юксак маҳоратини намоён этади.

Сўнгги йилларда шундай замонавий тиббиёт эҳтиёжларига мос ишланмаларнинг кўпайиб бораётгани миллий илм-фан тараққиётининг ёрқин ютуғи сифатида эътироф этилади.
Хўш, мазкур ишланманинг анъанавий яра боғламаларидан устун жиҳатлари нимада?
Техника фанлари доктори, профессор Ҳайдар Юнусовнинг таъкидлашича, гидрогел қуйидаги афзалликларга эга:
– Биринчидан, кўп функцияли таъсирга эга. Анъанавий боғламалар асосан ярани ёпиш билан чекланса, ушбу гидрогел бир вақтнинг ўзида бактерияларни йўқ қилади, яллиғланишни камайтиради ва оксидланиш стрессини бартараф этади. Бу яранинг битиши учун муҳим бўлган биологик муҳитни меъёрга келтириб, битиш муддатини қисқартиради.

Иккинчидан, яра жойига мустаҳкам ёпишади. Мидия оқсили ва темир ионлари туфайли гидрогел нам муҳитда ҳам тўқимага яхши ёпишади. Бу хусусият бўғимлар каби ҳаракатчан жойларда айниқса, муҳимдир.
Учинчидан, ярани нам муҳитда сақлайди. Гидрогелнинг сув сақлаш қобилияти юқори бўлиб, ҳужайраларнинг фаол кўпайиши ва тўқиманинг тезроқ тикланишига ёрдам беради.

Тўртинчидан, инфекция хавфини камайтиради. Антибактериал хусусиятлари туфайли бактериялар кўпайиши чекланади, боғламани тез-тез алмаштириш талаб этилмайди ва иккилламчи инфекция хавфи пасаяди.
Бешинчидан, биомувофиқ ва хавфсиз. Гидрогел тўқималарга зарар етказмайди, аллергик ёки заҳарли таъсир кўрсатмайди ва узоқ муддат қўллаш учун хавфсиз ҳисобланади. Шу билан бирга, яра битишини тезлаштиради. Яллиғланишни назорат қилиш ва ҳужайралар учун қулай муҳит яратиш орқали асоратлар эҳтимоли камаяди.
Қисқача айтганда, мазкур гидрогел анъанавий яра боғламаларига нисбатан фақат ҳимоя воситаси эмас, балки фаол даволовчи платформа сифатида хизмат қилади.
М.Эшмирзаева,
ЎзА