«Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорининг ҳаётга тадбиқ этилиши бўйича мутахассис фикр-мулохазалари.
Ушбу қарор аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида курашни янада ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, ўсиб келаётган авлодда миллий ифтихор ва ватанпарварлик туйғуларини мустаҳкамлаш, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва жаҳон спорт майдонларида юқори натижаларга эришишга хизмат қилади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида курашнинг тобора оммалашиб бораётгани нуфузли халқаро мусобақаларни ташкил қилиш, мавжуд инфратузилма ва моддий-техник базани модернизация қилиш, спорт инвентарлари ва кийимлари таъминотини яхшилаш, шунингдек, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлашга бўлган эътиборни янада кучайтириш бўйича вазифалар тасдиқланди.
Шунингдек, буюк аждодларимиздан мерос қолган кураш спортининг бой анъаналари ва қадриятларини келажак авлодларга етказиш, ўзбек спорти бренди номи билан курашнинг жаҳон аренасидаги ролини ошириш, ёшларнинг миллий спортга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида Президент қарорига мувофиқ, 2021 йилдан ҳар икки йилда бир марта кураш бўйича олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро мусобақа ўтказилиши белгиланди.
Хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун халқаро турнирлар, 2020 йилдан эътиборан ҳар йили бир марта давлат органлари, муассасалари ва ташкилотлари ходимлари ўртасида «Ўзбек полвони» республика мусобақаси ўтказилади.
Жойларда 2021–2025 йилларда кураш маҳорат мактаблари босқичма-босқич ташкил этилади.
Малакали мураббийлар ва олимпия резервларини тайёрлаш мақсадида Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси муассислигида Халқаро кураш институти фаолияти йўлга қўйилади.
Кураш билан шуғулладиган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари иштирокида «Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур» шиори остида умумий ўрта таълим муассасаларида бепул кураш гуруҳлари ташкил этилади. Ушбу ҳаракат ёшларни курашга жалб этиш, соғлом турмуш тарзига тарғиб қилиш ва уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Қарордаги энг муҳим жиҳатлардан бири - бу кураш миллий спорт турини 2025 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси тасдиқланишидир.
Концепцияга кўра Халқаро кураш ассоциациясининг 2022 йилга қадар Халқаро «GAISF—Global Association of International Sports Federations» ташкилотига аъзолигига кириш вазифалари таъминланади.
Концепцияда 2028 йилда курашнинг Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киришига эришиш кўзда тутилган.
Миллий ўзбек кураши спорт тури сифатида бугун дунё миқёсида эътироф этилиб, ўз ўрни ва нуфузига эга бўлмоқда. Инсонпарварлик ғоялари билан йўғрилган миллий курашимиз ёшларнинг нафақат жисмоний камолоти, балки маънавий юксалишида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Боиси халқимизга хос бўлган ҳалоллик, мардлик, жасурлик сингари хислат ва қадриятлар ўзбек миллий курашида ўз ифодасини топган.
Бугун жаҳон ареналарида “кураш”, “ҳалол”, “таъзим”, “тўхта” ва “ёнбош” каби ўзбекча атамалар баралла янграмоқда. Миллий курашимизнинг аёллар ва ўсмирлар ўртасида ҳам оммалашаётгани уни Олимпия ўйинлари сафидан ўрин олишига имкон яратади. Бу муваффақиятлар, албатта, ҳар биримизни ғурурлантиради.
Зеро, миллий кураш спорт тури ёшларни ватанпарварлик, миллий ғурур ва Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялашга, уларни мард, иродали ва олижаноб инсон сифатида камолга етказишга хизмат қилади.
Икром АҲМЕДОВ,
Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг Ўқув ишлари бўйича проректори