Ўзбек маҳсулотининг хориждаги харидорлари кимлар?
Мамлакатимизда етиштириладиган мева-сабзавотларга, қовун-тарвузларга хориж бозорларида доим талаб юқори бўлган. Бироқ бу йил экспорт манзарасида қизиқ бир ўзгариш кузатилди: мамлакатимиздан четга етказиб берилган маҳсулот ҳажми камайган бўлсада, ундан тушган даромад сезиларли ошди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон 23 та хорижий давлатга 206,3 минг тонна қовун ва тарвуз экспорт қилган. Ушбу маҳсулотларнинг умумий қиймати 64,7 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Экспорт таркибида тарвуз етакчилик қилмоқда. 139 минг тонна тарвуз ва 67,3 минг тонна қовун хорижга етказиб берилган. Қайд этилишича, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан экспорт ҳажми 22,9 минг тоннага ёки 10 фоизга камайган. Шунга қарамай, экспорт тушуми 8,2 миллион долларга, яъни 14,6 фоизга ошган. Бу рақамлар маҳсулот экспортида фақат ҳажм эмас, балки қиймат кўрсаткичи ҳам муҳимлигини кўрсатади.
Ўзбекистон қовун ва тарвузининг энг йирик харидори Россия бўлиб, ушбу мамлакатга 97,4 минг тонна маҳсулот етказилган. Кейинги ўринларда Қозоғистон — 51,8 минг тонна ва Қирғиз Республикаси — 46,6 минг тонна билан қайд этилган. Шунингдек, Беларусга 3,2 минг тонна, Латвияга 2,1 минг тонна, Германияга 1,4 минг тонна, Тожикистонга 1,1 минг тонна маҳсулот экспорт қилинган. Украина, Литва, Мўғулистон ва бошқа давлатлар ҳам ўзбек қовун-тарвузини харид қилган. Соҳа вакилларининг таъкидлашича, экспортнинг асосий қисми ҳануз қўшни ва минтақавий бозорлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Шу билан бирга, Европа давлатларига етказиб бериш ҳам ўзбек маҳсулотининг географияси кенгайиб бораётганини кўрсатади.
Экспорт ҳажмининг камайиши ва тушумнинг ўсиши экспорт қилинган маҳсулотнинг ўртача қиймати ошганини англатади. Бироқ, бунга нархлар, маҳсулот таркиби ёки бозорлар ўзгаришининг қай бири кўпроқ таъсир қилганини аниқлаш учун қўшимча таҳлил зарур. Эндиликда муҳим вазифа мавжуд бозорларда ўзбек қовун-тарвузига бўлган талабни сақлаб қолиш, янги харидорлар топиш, маҳсулот сифати, сақлаш ва қадоқлаш имкониятларини яхшилашдан иборат.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА