«Ўзбек классикоси»: чемпионлик пойгасида муҳим тўқнашув
Бугун, 23 октябрь куни Суперлиганинг 25-тури доирасида яна икки учрашув бўлиб ўтади.
Тошкентда «Пахтакор» ва «Нефтчи» ўртасида ўзбек футболидаги анъанавий рақобат — «Ўзбек классикоси» бўлиб ўтса, «Бухоро» ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилади. Ҳар икки баҳс соат 19:00 да бошланади.
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 25-туридан ўрин олган марказий учрашувда Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси Фарғонанинг «Нефтчи» клубини қабул қилади. «Пахтакор» стадионида бошланадиган учрашувнинг аҳамияти шундаки, жамоалар чемпионлик пойгасидаги асосий рақиблардан ҳисобланади.
Ҳозирда чемпионатимизда «Нефтчи» 55 очко билан турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» эса 53 очко билан иккинчи ўринда бормоқда. Шу боис бугунги тўқнашув натижаси чемпионлик учун курашдаги вазиятга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шу ўринда жамоалар ўртасидаги ўзаро учрашувлар тарихига назар ташлашни лозим кўрдик. Чемпионатлар доирасидаги 63 та баҳснинг 31 тасида тошкентликлар ғалаба қозонган, 10 та ўйин дуранг билан якунланган, 22 марта эса «Нефтчи» зафар қучган. «Пахтакор» бу учрашувларда 104 та гол урган бўлса, фарғоналиклар 71 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган.
Чемпионлик пойгасига бевосита таъсир кўрсатиши кутилаётган мазкур учрашувни бош ҳакам Фирдавс Норсафаров бошқариб боради. Тошкентдаги «Ўзбек классикоси» нафақат икки тарихий рақибнинг нуфузи, балки Суперлига чемпионлиги тақдири нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб этади.
Дарвоқе, куни кеча Ўзбекистон Суперлигасининг 25-туридан ўрин олган учрашувда «Бунёдкор» 2:1 ҳисобида «Машъал» устидан ғалаба қозонди.

Тошкентдаги «Локомотив» стадионида ўтказилган баҳсда ҳисобни 11-дақиқада Зафар Акрамов очди. 18-дақиқада Ислом Анваров мувозанатни тиклади. 33-дақиқада эса Шамсиддин Турсунмаҳаммадов «Бунёдкор»га ғалаба келтирган голни урди. Ҳар икки голли узатмани Амир Тўрақулов амалга оширди.
«Бунёдкор» ушбу ғалабадан кейин 26 очко билан 13-ўринга кўтарилди. «Машъал» эса 4 очко билан 16-ўринда қолди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА