Ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилди
Гулистон давлат педагогика ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Бу таълим, фан ва илмий-тадқиқот соҳаларида тажриба алмашиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилганлиги билан ҳам катта аҳамият касб этди.

Меморандум доирасида икки олий таълим муассасаси ўртасида илмий анжуманлар, семинар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, педагогика, психология ва методика йўналишларида қўшма илмий-тадқиқотлар олиб бориш ҳамда илмий мақолалар тайёрлаш режалаштирилган. Шунингдек, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини йўлга қўйиш орқали тажриба ва илмий ғоялар самарали айирбошланиши кўзда тутилган.

– Бу ҳамкорлик нафақат илмий салоҳиятни оширишга, балки таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш учун хизмат қилади. Биз Нукус давлат педагогика институти билан биргаликда қўшма тадқиқотлар, илмий-амалий лойиҳалар ҳамда ўқув дастурларини такомиллаштиришни мақсад қилганмиз, – деди Гулистон давлат педагогика институти проректори Ҳилола Маматова. – Шу орқали талабаларнинг илмий фаоллигини рағбатлантириш, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш ва педагогик инновацияларни амалиётга жорий этиш имконияти яратилади.

Таъкидланишича, мазкур келишув икки олий таълим муассасаси ўртасидаги илмий ва маънавий алоқаларни мустаҳкамлаб, педагог кадрлар тайёрлашда сифатли, замонавий ва инновацион ёндашувларни кучайтиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Сирдарё ва Қорақалпоғистон ҳудудлари ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири