Ўзаро англашув меморандуми имзоланди
Аввал хабар берганимиздек, Сирдарё вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов бошчилигидаги вилоят делегацияси айни кунларда Хитой Халқ Республикасида амалий ташриф билан бўлиб турибди. Мазкур ташриф доирасида ҳудуд учун муҳим бўлган қатор келишувлар имзоланмоқда.
Жумладан, Гулистон давлат университети ҳамда Tianjin Light Industry Vocational Technical College ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Ушбу ҳужжат таълим соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, илғор хорижий тажрибаларни жорий этиш ҳамда таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтиришга қаратилган.

Меморандум доирасида талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма илмий-тадқиқот ва инновацион лойиҳаларни амалга ошириш, академик ресурслар алмашинувини кенгайтириш каби устувор йўналишлар белгилаб олинди.

– Ҳамкорликни амалий жиҳатдан ривожлантириш мақсадида университет ҳудудида 200 квадрат метр майдонда “Lu Ban Workshop” замонавий ўқув-амалий устахонасини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Мазкур марказ сунъий интеллект, ахборот технологиялари, дастурлаш ва автоматлаштириш йўналишларига ихтисослаштирилиб, талабаларнинг амалий кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади, – дея Хитойдан хабар берди Дилмурод Эшмуродов, Гулистон давлат университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори.

Шунингдек, 2026 йил май–июнь ойларида университетнинг 10 нафар профессор-ўқитувчисини Хитойда қисқа муддатли стажировкага юбориш бўйича келишувга эришилди. Ушбу дастур орқали улар замонавий касбий таълим методикаси ва инновацион лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишадилар.

Томонлар келгусида халқаро илмий-амалий конференциялар ташкил этиш, қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва инновацион ишланмаларни ривожлантириш бўйича ҳам ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олишди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири