Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков хизмат сафари билан Озарбайжон Республикасида бўлди.
Вазир Озарбайжондаги хизмат сафари давомида Озарбайжон халқаро мақом маркази директори, Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Саҳиб Aверди оғлу Пашазадега "Ўзбек маданияти элчиси" кўкрак нишони ва махсус сертификатни Озарбайжон маданият вазири Aдил Керимли билан биргаликда тантанали топширди.
Айтиш керакки, Саҳиб Aверди оғлу Пашазаде 2017 йилда Ўзбекистон Республикасининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Шарқ тароналари” ХI халқаро мусиқа фестивалининг бош соврини – Гран-прига сазовор бўлганди.

2017-2024 йиллар давомида Ўзбекистон давлат консерваторияси, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти, Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтларида ўзининг доимий маҳорат ва ўқув дарсларини ўтказиб кўплаб шогирдлар етиштирган ажойиб устоз ҳисобланади.
Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков Саҳиб Пашазадениyu ўзбек миллий маданиятини хорижий давлатларда фаол тарғиб этиш ва оммалаштиришга қўшган ҳиссасини юқори баҳолаб, унга топширилган "Ўзбек маданияти элчиси" мақоми икки қардош халқ ўртасидаги маданий кўприк вазифасини бажаришини маълум қилди.
Ҳозирги кунга қадар AҚШ, Япония, Қатар давлатларида "Ўзбек маданияти элчилари" тайинланган бўлиб, улар томонидан ўзбек миллий маданиятини оммалаштириш, маҳаллий аҳоли орасида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни орттириш ҳамда маданий алоқаларни янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Н.Усмонова,
ЎзА