Жаъфар Жабборли номидаги Озарбайжон давлат драма театрининг 140-мавсуми Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли адиб Қўчқор Норқобилнинг “Беш бева ва бир бошлиқ” мусиқали комедияси билан очилди.
Асардаги ҳаётий воқеаларнинг кулги ва кучли юмор билан ифодаланиши йиғилганларнинг эътирофига сазовор бўлди. Томошабинлар икки халқнинг адабий ва маънавий алоқалари санъат сеҳри ва кучи билан янада мустаҳкамланганини таъкидлади.

–Аминманки, бугунги саҳна асари Озарбайжон халқининг севимли комедиясига айланиб қолади. Буни томошабинларнинг бугунги олқишларидан ҳам билсак бўлади, – деди Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси Маданият масалалари қўмитаси раиси Ганира Пашаева “AzarTV” мухбири билан суҳбатда.
Маълумот учун, мазкур комедияни театрнинг бош режиссёри Озарбайжонда хизмат кўрсатган артист Сарвар Алиев саҳналаштирган. Бастакор Озарбайжон халқ артисти – Сардор Фересов. Шеърлар муаллифи – Расмия Собир.

Озарбайжон Республикаси маданият вазирлиги ва Озарбайжон давлат драма театри берган маълумотларга кўра, мазкур пьеса ҳар икки давлатнинг мустақиллик йиллари тарихида Озарбайжон саҳнасига олиб чиқилган илк ўзбек асаридир.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА