Озарбайжон Европага асосий газ етказиб берувчи мақомига чиқди
Озарбайжон ва Туркия стратегик энергетика ҳамкорлигини мустаҳкамламоқда. Бу ҳолат Жанубий Кавказ ва Европа газ бозоридаги кучлар мувозанатини ўзгартириши мумкин. Москвадаги Яқин Шарқ институти таҳлилчилари шундай хулосага келган.
Июнь ойида имзоланган тегишли шартнома 2029 йилдан бошлаб 15 йил давомида Туркияга 33 миллиард куб/метр Озарбайжон гази етказиб берилишини назарда тутади. Газ Абшерон конидан Жанубий йўлак инфратузилмаси орқали етказиб берилади.
Мутахассислар фикрича, ушбу келишув туфайли Боку Европага асосий газ етказиб берувчи сифатидаги мақомини мустаҳкамлайди. Шу тариқа экспорт кўлами кенгайиб, узоқ муддатли савдо кафолатланади. Қолаверса, Туркия ҳам Каспий минтақаси ва Европа бозори ўртасидаги асосий энергия маркази сифатида кўриляпти.
Тадқиқот муаллифлари Боку ва Анқара ўртасидаги энергетика иттифоқи Жанубий Кавказнинг янги геосиёсий манзарасидаги муҳим омилга айланаётгани, ҳар икки мамлакат кўҳна қитъага қувват етказиб бериш жараёнига таъсирини кучайтираётганига ҳам эътибор қаратган.
С.Раҳимов, ЎзА