Мамлакатимизда суғурта бозорини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар суғуртанинг ҳаётимиздаги ўрнини мустаҳкамлаш, иқтисодиётимизнинг ажралмас таркибий қисмига айлантириш каби мақсадларни кўзда тутади.
Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ислоҳ қилиш мақсадида кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинди. Хусусан, 2019 йил 2 августдаги «Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори суғурта бозоридаги ўзгаришларга туртки бўлган муҳим ҳужжатлардан биридир.
Ушбу ўзгаришлар «Ўзагросуғурта» акциядорлик жамиятининг ўтган йилги фаолиятида ҳам яққол намоён бўлди. Жумладан, йирик саноат ташкилотлари, тижорат банклари ва бошқа ишлаб чиқарувчилар билан ишончли ҳамкорлик йўлга қўйилган. Корпоратив мижозларга асосан мол-мулк суғуртаси, гаровга қўйилган мол-мулкни суғурталаш, қурилиш таваккалчилиги суғуртаси, автотранспорт воситасини комплекс суғурталаш ва умумий фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш каби йўналишларда хизматлар кўрсатилмоқда.
Жамиятнинг жами 14 филиали ҳамда 191 та суғурта маркази орқали мижозларга 100 дан ортиқ суғурта хизматлари таклиф этиб келинаётганини алоҳида қайд этиш жоиз.
– 2022 йилда таъминланган суғурта мукофотлари қарийб 323,3 миллиард сўмни ташкил этди, – дейди «Ўзагросуғурта» АЖ бошқарув раисининг ўринбосари Алишер Юсупов. – Расмийлаштирилган суғурта шартномалари бўйича олинган мажбурият ҳажми 119 триллион сўмдан ошади. Бу эса ўз навбатида ўтган йилга нисбатан 42,8 фоизга ўсиш демакдир. Шу давр мобайнида Жамият мижозлари билан жами 995 минг 526 дона суғурта шартномалари тузилган бўлиб, шартномаларнинг қарийб 92 фоизи ёки 914,6 мингтаси аҳолининг соғлиғи ва мол-мулки учун кўрсатилган суғурта хизматларига тўғри келади.
Олинган мажбуриятлар доирасида мижозларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қарийб 43,3 миллиард сўмлик суғурта товонлари тўлаб берилган.
Рақамлаштириш жамиятнинг 2022 йилдаги муваффақиятли фаолиятига ижобий таъсир этган муҳим омиллардан бири бўлди. Биргина ўтган йилнинг ўзида 20 та суғурта турлари бўйича онлайн сотув йўлга қўйилди. Бу суғурта бозоридаги энг яхши кўрсаткич эканини эътироф этиш жоиз.
Жамият томонидан сўнгги уч йил мобайнида мигрантларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар таҳлил қилинса, мазкур йўналишда юқори ўсишга эришилгани намоён бўлади.
Мисол учун, 2020 йилда 8 минг 26 та, 2021 йилда 36 минг 62 та шартнома расмийлаштирилган бўлса, 2022 йилда 196 минг 489 нафар фуқароларимиз суғуртавий ҳимояга олинган.
«Ўзагросуғурта» АЖ Ўзбекистон суғурта бозорида етакчи мақомига эришишида халқаро ҳамкорликнинг, хусусан қайта суғурта йўналишидаги фаолиятнинг ҳиссаси улкандир. “Fitch Ratings Cis Ltd” халқаро рейтинг агентлиги томонидан 2019 йилдан буён “BB-” Барқарор рейтинги тасдиқлангани Жамиятнинг халқаро қайта суғурта бозорига чиқиш имкониятини жадаллаштирмоқда.
Ҳозирги кунда халқаро қайта суғурта бозоридаги йирик суғурта компаниялари ва қайта суғурталаш брокерлари билан қайта суғурта доирасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди. Жорий йилда ҳам ушбу йўналишдаги ишларни жадал давом эттириш устувор йўналишлардан бўлиб қолади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА