“Ўзагроинспекция” яна бир рейтингда юқори баҳоланди
“Бюрократияни бартараф этиш — 2030” дастури доирасида давлат хизматларини соддалаштириш, очиқлик ва самарадорликни ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар натижасида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси юқори натижа қайд этди.
Республика ташкилотлари ўртасида ўтказилган рейтинг якунларига кўра, Инспекция 80,25 балл тўплаб, 4-ўринни эгаллади ҳамда “яшил” тоифага киритилди.
Қайд этилишича, мазкур натижа тизимда бюрократик тўсиқларни қисқартириш, рақамли бошқарув механизмларини кенг жорий этиш, шунингдек, фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай хизматлар яратиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Шу билан бирга, соҳада очиқликни таъминлаш, давлат хизматлари сифатини ошириш ва замонавий бошқарув усулларини жорий этиш бўйича ишлар изчил давом эттирилаётгани таъкидланди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА