Мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларида сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаш борасида етарли даражада қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, соҳанинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотларнинг асл мазмун-моҳияти ҳақида холис хабарларни аҳолининг барча қатламларига, дунё ҳамжамиятига тезкорлик билан ва сифатли етказиш, миллий ахборот маконини ривожлантириш, глобал ахборот майдонида республиканинг ўрнини янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолияти такомиллаштирилиб, моддий техник базасини мустаҳкамланмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 2 декабрдаги «Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳам айни йўналишдаги ишларни жадаллаштириб, ЎзА фаолиятини такомиллаштиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Юртимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига оид расмий маълумотларни излаш, олиш, қайта ишлаш ҳамда ахборот, ахборот-таҳлилий, таҳлилий-танқидий материаллар тайёрлаш ва тарқатиш билан шуғулланувчи агентлик ўз ҳудудий мухбирларига эга.
Қарорга кўра, ЎзАнинг вилоятлардаги минтақавий мухбирлик пунктларини ташкил этиш, улар учун ҳудудий воқеа-ҳодисаларни тезкор ва сифатли ёритиш мақсадида қулайликлар яратиш, қўллаб-қувватлаш белгиланган эди.
[gallery-2926]
Ҳудудий мухбирларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ишлашда қулайлик яратиш мақсадида ҳар бир вилоят ва Қорақалпоғистон Республикаси мухбири учун «Nexia 3» хизмат автомашиналари топширилди.
Эндиликда ҳудудий мухбирлар ва фотомухбирлар ўқувчилар учун қулай ва қизиқарли шаклда Ўзбекистон халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, миллий қадриятлари, мамлакатнинг кўп йиллик тарихи ва илм-фан ривожига қўшган ҳиссасини намойиш этишга қаратилган ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, ёритиш билан янада жадал шуғулланади.
ЎзА