Олималар Туркияда билим ва малака оширди
“Олима” уюшмаси Андижон вилоят бўлими ташаббуси билан вилоятдаги олий ўқув юртларида фаолият олиб бораётган бир гуруҳ етакчи олималар Туркиянинг Ризе шаҳрида бўлиб, билим ва малака ошириб қайтди.
Олималар сафар доирасида Recep Tayyip Erdoğan University томонидан ташкил этилган 144 соатлик дастур давомида замонавий таълим ёндашувлари, илғор педагогик технологиялар, таълим сифатини ошириш ва илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш бўйича билим ва кўникмаларини бойитди.
Шунингдек, дастур доирасида туркиялик профессорлар ва мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиш, халқаро академик алоқаларни ривожлантириш ҳамда илғор тажрибаларни ўрганишга қаратилган мулоқотлар ўтказилди.


– Сафар давомида туркиялик ҳамкасбларимиздан ўқитишда халқаро тажрибалардан фойдаланиш бўйича кўп нарсаларни ўргандик, – дейди "Олима" уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари, биология фанлари доктори, профессор Насибахон Норалиева. – Бу албатта, келгуси фаолиятимизни янада самарали олиб боришга, талабаларга билим бериш сифатини оширишга ёрдам беради.

Олималарнинг сафар давомида замонавий метод ва ёндашувлар бўйича олган билим ва тажрибалари вилоятдаги олий таълим муассасалари таълим жараёнларига татбиқ этилади. Бу албатта, таълим сифатини оширишга, замонавий академик муҳит яратишга хизмат қилади.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири