ЎзА ижодкорлари Сурхондарёнинг туристик салоҳиятидан ўзгача илҳом олди (+видео)
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг бир гуруҳ ижодкорлари “ЎзА кунлари” лойиҳаси доирасида икки кун Сурхондарё вилоятида бўлиб, вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида таълим муассасалари ва меҳнат жамоаларида қизиқарли учрашувлар ўтказиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, жойларда юз бераётган ўзгаришларнинг одамлар ҳаётини ўзгартиришдаги аҳамияти ҳақида атрофлича фикр алмашди. ЎзАнинг ҳудуддаги фаолиятини янада ривожлантиришга кўмаклашиб, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш юзасидан галдаги вазифаларни белгилаб олди. Жойлардаги янгиланиш ва ўзгаришлар билан яқиндан танишиб, қизиқарли мақолалар, видеолавҳалар тайёрлади.
Ижодий сафарнинг иккинчи куни меҳмонлар воҳанинг жозибадор туристик салоҳияти билан яқиндан танишди. Вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муродбек Давлатов лойиҳа иштирокчиларига қадимий воҳада туризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берди.

Унда муқаддас тарихий обидалар, археологик ёдгорликларга бой ҳудудда эко, гастрономик, агро, тиббий туризм йўналишлари ҳам ривожланиб бораётгани қайд этилди. Сангардак, Омонхона каби сўлим гўшаларда туризмнинг янги қирралари бўй кўрсатаётгани таъкидланди.
Шу куни лойиҳа қатнашчилари дунёга мафтункор шаршараси билан танилган Сангардак туризм марказида бўлди. Сариосиё туманида денгиз сатҳидан икки минг метр баландликда жойлашган шаршара атрофида ишга туширилган замонавий иншоотлар ва олиб борилаётган улкан бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Пурвиқор тоғлар қўйнида денгиз сатҳидан 1 минг 500 метр баландликда қад ростлаган 200 ўринли “Сангардак” санаторийсида бўлди.

Замонавий ва миллий меъморий ечимлар асосида қурилган етти қаватли соғломлаштириш масканида дам олувчилар учун яратилган шароитлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди. Тоғ иқлими, табиатининг шифобахш хусусиятига кўра, юқори нафас йўллари, аллергия, астма, асаб, юрак қон-томир, урологик, гинекологик, ҳаракат-таянч тизими касалликларини даволашга ихтисослашган санаторийдаги даволаш хоналари билан танишди. Дам олувчилар билан суҳбатлашди.
– Фарғона вилоятидаги Мингдон қишлоғидан келганман, – дейди 69 ёшдаги меҳнат фахрийси Асадулло Қаюмов. – Буюк Термизийлар мангу қўним топган муқаддас қадамжоларни зиёрат қилиб, санаторийда даволаняпман. Тоғлар бағридаги бу жойнинг тоза ҳавоси ва тиббиёт ходимларининг ширинсуханлиги ҳам инсонни тетиклаштириб, саломатлигини тиклашга кўмаклашар экан. Даволаниш учун барча замонавий шароит яратилган. Тоза, озода. Икки-уч кунда танангиз яйраб, муолажалар нафини сезасиз. Бундай шароитларни яратиб бераётган давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Лойиҳа дастурига кўра, санаторийда ўтказилган очиқ мулоқотда ЎзА Ҳудудий таҳририяти бош муҳаррири А.Тайпатов, етакчи муҳаррири, шоир Т.Ниёзов, халқаро ахборот таҳририяти бўлими бош муҳаррири ўринбосари Ғ.Хонназаров ва бошқалар мамлакатимизда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самаралари ҳақида фикр алмашди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг вазифалари, юртимизда юз бераётган янгиланишларни мамлакатимиз ва дунёдаги ўқувчиларига тезкор таништиришдаги хизмати тўғрисида атрофлича маълумот берди. Вилоятда олиб борилаётган ислоҳотларнинг одамлар ҳаётини ўзгартираётганидан олган таассуротлари билан ўртоқлашди. Нафис шеърлар ўқилиб, соғломлаштириш масканида хизмат қилаётган тиббиёт ва бошқа ходимларнинг шарафли ишларига омад тилашди.
[gallery-31646]
Президентимизнинг 2024 йил 16 декабрдаги “Сурхондарё вилоятининг тоғли-рекреацион ҳудудларида туризм инфратузилмасини яхшилаш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш ва туризм объектларини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сангардак туризм қишлоғида 615 гектар майдонда туризм маркази бунёд этилмоқда. Уни тўлиқ ишга тушириш учун 913 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.
Ўтган даврда сўлим гўшада сайёҳлар учун дор йўли, зиплайн аттракциони, кўл бўйлаб қайиқ сайри хизмати, тоғ ҳалинчаги, замонавий дам олиш ва шале типидаги уйлар, овқатланиш шохобчалари ва бошқа хизмат кўрсатиш нуқталари ишга туширилди. Баландлиги 150 метрли ноёб шаршара атрофида ободонлаштириш ишлари амалга оширилди. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай дам олиш шароитлари яратилмоқда.
Бу ерда “Сангардак” туризм марказининг барпо этилаётган сайёҳлар оқимини кенгайтирмоқда. Жумладан, маълумотларга кўра, шу йил ёз фаслида ҳар куни тоғ қўйнидаги марказга ўртача 5-7 минг турист келиб, мириқиб ҳордик чиқарди. Куз шабадаси эсиб, тоғ бағрига салқин тушиб қолган фаслда ҳам туристларнинг кунлик оқими 2 - 2,5 минг кишини ташкил этмоқда.
– Муъжизалар маконига тушиб қолгандек ҳис этяпман ўзимни, – дейди шоир Туроб Ниёзов. – Бу жойнинг нафақат мўъжизакор шаршараси балки, тоза, мусаффо, турли гиёҳлар ҳиди уфуриб турган ҳавоси, тоғ тизмаларининг бошқа ҳудудларга нисбатан жозибадорлиги ҳам кишига илҳом бағишлар экан. Она табиатнинг бундай ижодкорлигига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Вилоятда ўтказилган “ЎзА кунлари” даги самимий суҳбатлар, воҳа ҳаёти билан яқиндан танишув ва дилкаш, меҳнатсевар, самимий инсонларининг улкан бунёдкорлик ишлари ҳали кўплаб қизиқарли мақолаларга мавзу бўлади.
Холмўмин Маматрайимов, Ёқубжон Мелибоев (видео)
ЎзА мухбирлари