Ўз келажагини танлаётган ёшлар учун янги имконият
Бугун хорижда ўқиш учун минглаб километр йўл босиш шарт эмас. Энди дунёнинг нуфузли университетлари вакиллари билан Тошкентнинг ўзида учрашиш, қабул талабларини билиш ва келажакдаги таълим йўналишини белгилаш мумкин.
Ёшлар олдидаги энг муҳим саволлардан бири — қаерда ва қандай таълим олиш эмас, балки ўз салоҳиятини қайси муҳитда тўлиқ намоён эта олиш. Зеро, тўғри танланган университет инсоннинг нафақат касбий йўлини, балки келажакдаги имкониятларини ҳам белгилаб беради.
Шу маънода, Тошкентда илк бор ташкил этилган “Silk Road University Fair” халқаро таълим форуми ва кўргазмаси ёшлар учун жаҳон таълим оламига яқинлашиш имконини яратди. 27–28 октябрь кунлари Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда ўтказилган тадбирда 10 дан ортиқ давлатдан 40 дан зиёд университет вакиллари иштирок этди.

Австралия, Буюк Британия, Германия, Канада, АҚШ, Хитой, Франция, Испания, Швейцария ва бошқа давлатлардан келган таълим муассасалари вакиллари ўқувчиларга ўз университетлари, таълим дастурлари ҳамда қабул шартлари ҳақида маълумот берди. Улар орасида “University of Toronto”, “The University of British Columbia”, “The University of Hong Kong”, “City University of Hong Kong”, “New York University Abu Dhabi”, “Mohamed bin Zayed University of Artificial Intelligence” каби нуфузли олий таълим муассасалари ҳам бор.
Форумнинг икки кунлик дастури 1 минг 150 нафардан ортиқ юқори синф ўқувчиси, 300 нафардан зиёд мактаб маслаҳатчиси ва 200 нафарга яқин мактаб директори иштирокини қамраб олиш режалаштирилган.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 250 дан ортиқ таълим ташкилоти мавжуд бўлиб, уларда 90 минг нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчи таҳсил олмоқда. 2019 йилда ташкил этилган Агентлик таркибида дастлаб 16 та таълим ташкилоти фаолият юритган. Кейинги йилларда тизим кенгайиб, 2026 йилга келиб таълим ташкилотлари сони 250 дан ошди. Янги мактабларнинг ташкил этилиши натижасида 2021–2026 йилларда раҳбар ва педагог ходимлар учун жами 10 минг 910 та янги иш ўрни яратилди. Ушбу кенг қамровли таълим тизими иқтидорли ёшларни эрта аниқлаш, уларнинг қобилиятини ривожлантириш, чуқур билим олиши ва халқаро даражадаги таълим имкониятларидан фойдаланиши учун шароит яратишга қаратилган.

“Silk Road University Fair” халқаро таълим форуми ва кўргазмаси Ўзбекистон мактаблари, халқаро университетлар, педагоглар ва ўқувчилар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган муҳим ташаббус бўлди. Тадбир дастури ўқувчиларга халқаро таълим имкониятларини ўрганиш, мактаб маслаҳатчиларига касбий тажриба алмашиш, мактаб раҳбарларига эса халқаро олий таълим муассасалари билан янги ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имконини берди.
Иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга сифатли таълим олиш ва халқаро билимлар майдонида ўз салоҳиятини намоён этиш имкониятини яратиш мамлакат келажагига хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА