Ўз ишига садоқатли ҳамшира
Чақалоқлар реанимацияси бўлимида вақтнинг қадри жуда баланд.
Инсон ҳаёти энг нозик чегарада турган бир паллада шифокор ва ҳамшираларнинг ҳар бир ҳаракати ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу мураккаб ва масъулиятли жараёнда Назокат Йўлдошеванинг меҳри ва меҳнати кўплаб чақалоқларга ҳаёт бағишлади.

1986 йилда Мирзаободда оддий оилада дунёга келган қизнинг болалик орзуси ҳам оддий, ҳам олийжаноб эди: “Кимнингдир оғриғини енгил қилиш, кимгадир ёрдамчи бўлиш”. Бу орзу уни тиббиёт билим юртига олиб келди. Талабалик йилларидаёқ у беморга меҳр қўймасдан туриб, малакали мутахассис бўлмаслигини англади. У 2005 йилда Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги марказининг Сирдарё филиалида иш бошлади.

Аввалига назарияни амалиёт билан уйғунлаштириш қийин бўлди. Лекин у чиниқди, устоз шифокорлар ва тажрибали ҳамширалардан сабоқ олди. Ҳар бир оғир аҳволдаги чақалоқ унинг учун янги синов, янги сабоқ бўлди.
2009 йил эса унинг ҳаётида бурилиш бўлди: муассаса раҳбарияти ва устозлари ишончи билан у чақалоқлар реанимацияси бўлимининг катта ҳамшираси этиб тайинланди.
— Муддатидан олдин туғилган ёки оғир аҳволдаги чақалоққа қайта ҳаёт бахш этиш, оилаларга қувонч улашиш бахти насиб этганидан жуда хурсандман, — дейди Назокат. — Бу ишда ҳамширалар ҳам шифокорлар қаторида улкан масъулиятни ўз зиммасига олади. Мен ўз ишимдан фахрланаман.
Йиллар давомида орттирган тажрибаси ва ишга садоқати туфайли у юзлаб чақалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолишга ҳисса қўшди. Бугунги кунда эса у нафақат малакали ҳамшира, балки ёш кадрлар учун ҳам ҳаётий мактаб вазифасини ўтамоқда.
Ғулом Примов, ЎзА