Ойқорни ҳали ҳам оппоқ қорлар тарк этмаган
Лавҳа
Жиззах вилоятининг Бахмал туманида жойлашган Ойқор тоғлари бугун яна бир бор табиатнинг сирли ва бетакрор жилвасини намоён этмоқда. Туркистон тоғ тизимининг узвий қисми бўлган бу маскандаги баланд чўққилар баҳор келганинга анча вақт ўтган бўлса-да, оппоқ қорлар билан ўранган ҳолда сукутга чўмган.

Тоғ этагидаги қишлоқ йўлларида эса бошқача манзара. Нам тупроқ ҳиди анқиб турган баҳорий ҳаво юзга урилади, чор атроф кўм-кук майсалар билан қопланган. Бу жойларга баҳор аллақачон кириб келган, дов-дарахтлар уйғониб, барг ёзмоқда...
Булутлар пастлаб, тоғ бағрини қучган онида, Ойқор чўққиси гўё улар устидан бош кўтариб, осмон билан сирлашгандек кўринади. Қор билан қопланган баландликлар ва яшилликка бурканаётган водий — табиат чизган ажойиб сурат каби кўз ўнгимизда намоён бўлади.

Йўл бўйлаб кетар экансиз, нигоҳингиз беихтиёр осмон бағрида эркин айланаётган қушлару булутларга кўзингиз тушади. Тоза ҳаводан тўйиб симирар экансиз, кўксингиз кўк янглиғ кенгайиб кетгандай туюлади.
Она табиат билан бир тан, бир вужудга айланасиз гўё. Атрофингизда ҳамма нарса гўзал, ёқимли...
<iframe width="412" height="732" src="https://www.youtube.com/embed/ZLi5SwzfUYQ" title="Oyqorni hali ham oppoq qorlar tark etmagan" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдужалол Қаюмов (видео+сурат), ЎзА мухбири