Мозийга қайтиб...

Бундан 20 йиллар аввал, талабалик даврида курсдошлар билан Ойбек уй-музейига борган эдик. Музейга саёҳат хотирамизга улкан таассуротлар қолдирган. Биз, болаликдан ўқиб ўрганган, адабиётимизнинг йирик вакили Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбекни айнан ўша ерда қайта кашф қилганмиз, ижоди билан янада чуқурроқ танишганмиз. Ўша давр воқеликларини қалбан ҳис қилганмиз. Саёҳат таассуротлари остида адибнинг рафиқаси Зарифа Саидносированинг “Ойбегим менинг” номли севги ва вафо достонини қўлма-қўл мутолаа қилганимиз ҳам ёдимда.

Аждодларимиз меросини ўрганиш, ёшларни тарих, адабиёт ва санъатимизга ҳурмат, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда уй-музейлари фаолияти муҳим аҳамият касб этади. Тошкентнинг “Ишчилар шаҳарчаси” деб аталган даҳасида халқимиз, айниқса, илм-фан ва маданият аҳли учун табаррук даргоҳ бор. Бу ерда 1940-1968 йилларда, яъни ҳаётининг сўнгги дақиқаларига қадар буюк ўзбек адиби ва жамоат арбоби Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек яшаб ижод қилган. 

Тарихимиз ва буюк аждодларимиз ҳақидаги маълумотлар тарғиботига қаратилган “Мозийга қайтиб...” лойиҳасининг навбатдаги сони англаганингиздек Ойбек уй-музейидан тайёрланди.

Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек 1905 йилнинг 10 январида Тошкент шаҳрининг Гавкуш маҳалласида дунёга келган. Бўлажак адибнинг ёшлиги шу маҳаллада ўтган. Оила қурганидан кейин Тошкентнинг 4 даҳасида ижара уйларда яшаган. Ниҳоят, 1940 йилда давлат фан ва маданият ходимларига ер тақсимлаб берилган. Адибга  ҳам 600 квадрат метрли ер майдони ажратилган. Уй барпо этилаётган йилларда ҳали ҳамма иморатлар қурилиб, йўлу йўлаклар аниқ қиёфа касб этмаган эди. Шу туфайли кўча “Проектная” – “Лойиҳа” кўчаси деб аталган. Ҳозирда ушбу кўчага “Ифтихор-1” номи берилган. Шу кўча бўйлаб уч-тўрт дақиқа юрсангиз, 26-уй келади. Катта дарвозанинг сўл тарафидаги деворга буюк ўзбек адиби Ойбекнинг 1940-1968 йилларда шу уйда истиқомат қилганлиги ҳақида лавҳа осилган. 

Ойбек уй-музейи адиб таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан 1985 йилда барпо этилган. 1940-1941 йилларда қурилган 5 хонали бинода адибнинг ҳаёт ва ижод йўлини акс эттирувчи экспозиция жой олган. Катта дарвозадан ўтиб, ичкарига кирилганидан сўнг, сўл томонда – бир замонлар терраса (айвон) бўлиб хизмат қилган хонада Ойбек уй-музейининг экспозицияси билан танишиш мумкин. 5 хонадан иборат бу қисмга кираверишда, ўнг томонда мўъжазгина бир хона бор. Бу хона адибнинг рафиқаси, биринчи ўзбек рассом қизи ва биринчи ўзбек кимёгар олимаси Зарифа Саидносирова ва унинг отаси – машҳур маърифатпарвар ва тадбиркор Саидносир Миржалиловга бағишланган. Бу хонадан чиқилганда Ойбекнинг болалик ва ёшлик даври билан таништирувчи хона жойлашган. Ташриф буюрувчилар бу ерда ХХ аср бошларидаги Тошкент шаҳрининг кўриниши, адибнинг ўша даврга оид суратлари, у таҳсил олган билим юртининг домла ва талабалари, илк шеърларининг қўлёзма ва босма нусхалари, Ойбек ижодининг шаклланишига таъсир кўрсатган шоирлар ва уларнинг китоблари билан танишиши мумкин.

Иккинчи хона Ойбекнинг 30-40-йиллардаги ҳаёти ва ижодига бағишланган. Адиб шу йилларда Навоий ва Пушкиннинг ижод булоқларидан ҳовучлаб сув ичди, Навоийга бағишлаб шеър ва илмий мақолалар ёзди, Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини таржима қилди. 1937 йил Ойбек собиқ Туркистон Мухторият ҳукуматининг хазиначиси С.Миржалиловнинг куёви сифатида қораланиб, Ёзувчилар уюшмасидан ҳам, Тил ва адабиёт институтидан ҳам ҳайдалди. Шундай хатарли замонда, оиласи билан гоҳо-гоҳо бир бурда нонга зор бўлиб яшаганига қарамай, “Қутлуғ қон” романини яратди. Абдулла Қодирий ва Чўлпон романлари қатағон қилинган замонларда “Қутлуғ қон” ёш ўзбек ёзувчиларини роман жанрида ижод қилишга илҳом бериб, йўл кўрсатиб турди. Хона ўртасидаги тўрт қиррали жавонда ушбу дурдона асар –“Қутлуғ қон” жой олган. 

Учинчи залдаги экспозиция марказида Навоий мавзуси акс эттирилган. Ойбекнинг улуғ шоир ҳақидаги ўлмас асари гарчанд уруш йилларида ёзиб тугалланган бўлса-да, унинг халқаро эътибор ва шуҳрат қозониши урушдан кейинги даврга оид. Шу хонага кирган ташрифчи “Навоий” романининг тиканли симлар ортида турган йиртилган-ямалган бир нусхасига эътибор қаратиши тайин. Бу, собиқ ўзбек ҳарбий асирларининг Ойбек уй-музейига совғаси. Урушнинг сўнгги кунларида “Навоий” романини ўқиб, уни кўзига суртган собиқ асирлардан бири уни ўзи билан бирга лагерма-лагерь олиб юрган, назоратчилар китобни отиб-улоқтириб ташлаганига қарамай, уни дўстлари билан бирга кўз қорачиғидек сақлаган. Ҳаётбахш ғоялар билан суғорилган, ҳар бир лавҳасидан ўзбек диёри шабадалари эсиб турган бу роман уларга руҳий мадад ва куч берган бўлса, ажаб эмас.

50-йиллар аввалида бошланган қатағоннинг янги тўлқини Ойбекни яна ўз гирдобига торта бошлади. Рақиблар ҳатто “Навоий” романидан ҳам сиёсий хатоларни излаб топади. Экспозициядаги газета мақолалари, суратлар, ҳужжатлар шу ҳақда ҳикоя қилади. 

Ўша йиллар буюк адибнинг оёқлари остидаги замин кундан-кунга ўпирила бошлайди. Шундай изтиробли, азоб-уқубатли кунларнинг бирида у инсульт хасталигига чалиниб, тили сўзлаш, қўли ишлаш қувватини йўқотади. Зарифахоним бутун кучини Ойбекни қайта оёққа қўйишга қаратди. 

Ойбек 1951 йил апрелидан 1968 йил, яъни вафот этгунига қадар ўз қўли билан ёза олмади. Аммо у қийналиб бўлса-да, бир оз гапира бошлагач, Зарифахонимнинг қўллари билан “Қуёш қораймас”, “Улуғ йўл” романлари, “Нур қидириб”, “Болалик хотираларим”, “Бола Алишер” қиссаларини, “Даврим жароҳати”, “Гули ва Навоий” ва бошқа достону шеърларини ёзди.

Музейнинг “Ойбек абадияти” деб аталган тўртинчи залида адибнинг ўзбек ва рус тилларидаги кўп жилдлик нашрлари, шунингдек, айрим асарларининг сўнгги йилларда хорижда нашр қилинган нусхалари намойишга қўйилган. Бундан ташқари, адибнинг тасвири туширилган, гўзал мисралари битилган сопол ва чинни идишлар, мисдан ишланган буюмлар, Ойбекка бағишланган бадиий, илмий ва илмий-оммабоп асарларни шу ерда кўриш мумкин. 

Ҳовлининг шимолий тарафидаги бинода эса мемориал хоналар – меҳмонхона, ижодхона (биринчи қаватда), Зарифа Саидносированинг хонаси ва ётоқхона (иккинчи қаватда) жойлашган. 

[gallery-22815]

Иккинчи қаватга даҳлиздаги ёғоч зиналар оша чиқилади. Хонанинг бир чеккасида – мольберт. У Ўзбекистон халқ рассоми Ўрол Тансиқбоевдан эсдалик. Зарифахоним у билан бирга буюк рус рассоми Илья Репиннинг шогирди Н.Розанов студиясида тасвирий санъат сирларини ўрганган. Шу хона деворларидаги мойбўёқ билан ишланган табиат манзараларини Зарифахоним умрининг сўнгги йилларида ишлаган. 

Музейга Ойбек ҳаёти ва ижодини ўрганиш, адабиёт оламига сайр қилиш мақсадида адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, театр, кино ва мусиқа санъати арбоблари, журналистлар, турли касб-ҳунар вакиллари мунтазам ташриф буюради. Шу билан бирга, ушбу даргоҳда ўқувчи-ёшлар, талабалар учун адабий кечалар ўтказиш яхши анъанага айланган. 

Тарихимиз ва адабиётимизнинг бир парчаси бўлган ушбу гўшага сиз ҳам албатта, ташриф буюринг!

“Мозийга қайтиб...” лойиҳасининг аввалги сонларида узатилган фоторепортажларни қўйидаги ҳаволалар (https://uza.uz/posts/584824), (https://uza.uz/posts/591857), (https://uza.uz/posts/598274), (https://uza.uz/posts/617760), (https://uza.uz/posts/674379), (https://uza.uz/uz/posts/688749) орқали кўришингиз мумкин.   

Камола ЮСУПОВА, 

Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ойбек уй-музейидан фоторепортаж