Мамлакатимиздаги 86 та санаторий ва тиббий муассасаларда ўтган йили 60 мингдан зиёд хорижий турист даволанди. Бу кўрсаткични янада ошириш мумкин.
Охирги беш йилда хусусий клиникалар каррасига кўпайгани билан атиги 2 таси халқаро сертификат олган. Оқибатда чет элдан даволанишга келганлар улуши пастлигича қолмоқда.
Тиббиёт ва соғломлаштириш туризмини уйғунликда ривожлантириш бўйича яхлит ёндашув йўқлиги кўрсатиб ўтилди.
Шу боис илғор хорижий тажриба асосида “Тиббий хизматлар меҳмондўстлиги” дастури бошланиши эълон қилинди.
Эндиликда хусусий клиникаларнинг халқаро стандарт олиш, хорижий кўргазмада қатнашиш харажатлари бюджетдан қопланади. Клиникаларга келган чет элликлар учун қўшилган қиймат солиғи қайтарилади.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризмни янада ривожлантириш бўйича устувор масалалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.
ЎзА