ОТМ битирувчилари меҳнат бозорида: иш, даромад ва бандлик индекси(+видео)
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги томонидан ўтказилган матбуот анжуманида “Битирувчилар сифати индекси” натижалари тақдим этилди. Унда 249 432 нафар битирувчининг натижалари таҳлил қилинган.
Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги республика миқёсидаги 170 та олий таълим ташкилоти бўйича битирувчиларнинг натижаларини таҳлил қилди. Таҳлил доирасида битирувчиларнинг меҳнат бозорига чиқиши учун қанча вақт талаб этилиши, уларнинг қайси қисми барқарор бандлигини сақлаб қолиши ва ўртача расмий даромадлари қандай экани ўрганилган.
Битирувчиларнинг энг катта контингенти Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, 80 742 нафар битирувчини ташкил этади. Бу республика жами битирувчиларининг қарийб 1/3 қисмига тенг. 2024/2025-ўқув йили якунлари бўйича тайёрланган “Олий таълим ташкилотлари битирувчиларининг меҳнат бозоридаги натижалари ва Битирувчилар сифати индекси” ахборот-таҳлилий шарҳида битирувчига иш топиш учун қанча вақт кераклиги, унинг бандлиги қанчалик барқарорлиги ва Олий таълимни тамомлагандан сўнг у қанча даромад олиши каби саволларга жавоб берилган.
Индекс битирувчиларнинг меҳнат бозоридаги натижаларини ишга жойлашиш тезлиги, бандлик барқарорлиги, даромад даражаси ва бандлик шакли каби тўртта асосий кўрсаткич орқали комплекс баҳолаш имконини беради. Шунингдек, тадбир давомида битирувчиларнинг республика бўйича ўртача расмий ойлик даромади, битирувчилар сифати индексида қайси йўналиш битирувчилари етакчи эканлиги ҳақида тўлиқ маълумотлар бериб ўтилди. Бу каби аниқ маълумотлар таълим ташкилотларида сифатли таълим тизимини ташкиллаштиришга хизмат қилади.
Муҳайё Турдалиева, Нишонбой Абдувоитов, ЎзА