Марказий банкда “Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи ҳамда валюта алмашув курсига оид масалалар” мавзусида медиа-мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзи ҳамда валюта алмашув курсига оид масалаларда Марказий банк масъул ходимлари ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакиллари журналист ва блогерларга маълумот берди.

Тадбирда мамлакатимизнинг тўлов баланси, халқаро инвестициявий мавқеи ва ташқи қарзига оид жорий ҳолат ҳамда 2025 йил учун кутилмалар, ташқи сектор статистикасини шакллантириш бўйича Халқаро валюта жамғармаси методологиясининг хусусиятлари ва бошқа ёндашувлардан фарқли жиҳатларига тўхталиб ўтилди.

Жумладан, жорий операциялар ҳисоби ва компонентлари сальдоси, товар ва хизматлар экспорти ошишига таъсир этувчи омиллар қаторида аҳолининг инвестициявий фаоллигини ҳамда юқори даражадаги ички истеъмол талабини қўллаб-қувватлаш ва импортга бўлган талабнинг ошиши, халқаро захиралар динамикаси каби масалалар муҳокама қилинди.
Медиа-мулоқотда номинал ва реал самарали валюта алмашув курси тушунчаси ва фарқлари, уларга таъсир этувчи омиллар, эркин бозор шароитида валюта курсларининг шаклланиш босқичлари ва инфляцияга таъсири тўғрисида маълумот берилди.
Ш.Маматуропова, ЎзА