Дунё иқтисодиёти пандемиядан жиддий зарар кўрган 2020 йил мамлакатимизда коронавирус инфекцияси таъсирини камайтиришга қаратилган изчил чора-тадбирлар Сурхондарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда ҳам ўз самараларини берди.
Шунга мувофиқ воҳада бюджетга маблағ тушириш прогноз кўрсаткичлари ортиғи билан бажарилди.
Бу ҳақда вилоят давлат солиқ бошқармаси ЎзАга хабар қилди.
Маълумотларга кўра, якунланган йил учун воҳа солиқ тўловчилари бюджетга 1 440,3 миллиард сўм маблағ тушириш прогнози белгиланган эди. Амалда эса 1 621,5 миллиард сўм солиқ тўлаб берилиб, давлат бюджетига 181,2 миллиард сўм қўшимча маблағ туширилди. Бюджетга йўналтирилган маблағнинг 875,7 миллиард сўми ёки 54 фоизи юридик шахслар, 731,5 миллиард сўми ёки 45 фоизи жисмоний шахслар томонидан амалга оширилди. Якка тартибдаги тадбиркорлар 14,2 миллиард сўм солиқ тўлади.
Давлат бюджетига тўланган маблағ солиқ турлари бўйича таҳлил этилганида жами тушумнинг 613,7 миллиард сўми ёки 38 фоизи жисмоний шахсларнинг даромад солиғига тўғри келди. 376,2 миллиард сўми ёки 23 фоизини қўшилган қиймат солиғи, 111,7 миллиард сўмини акциз солиғи, 65,6 миллиард сўмини айланма солиқ, 454,3 миллиард сўмини бошқа солиқлар ташкил этди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА