Шахмат спорти нафақат интеллектуал салоҳиятни, балки сабр-тоқат ва стратегик фикрлашни ҳам талаб қилади. Шу жиҳатдан, мамлакатимизда турли йирик ташкилотлар ва идоралар томонидан шахмат бўйича мусобақалар ташкил этилиши соҳа ривожига катта ҳисса қўшмоқда.
Ана шундай нуфузли мусобақалардан бири шахмат бўйича “Ўзбекгидроэнерго” АЖ очиқ чемпионатидир.
Куни кеча мазкур “Chess Board Open Championship of “Uzbekhydroenergo” JSC”нинг финал босқичи шиддатли ва қизғин тарзда ўтди.
Унда мамлакатимиздаги вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакиллари юқори маҳорат, теран таҳлил ва узоқни кўра билиш қобилиятини синаб кўрди.
[gallery-24697]
Якуний беллашувларга кўра, “Энергосавдо” филиали ходими Отабек Хайлаевга биринчи ўрин, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили Саидаҳмадхон Аҳмедовга иккинчи, Рақамли технологиялар вазирлиги вакили Улуғбек Озодовга учинчи ўрин насиб этди.
“Энергосавдо” филиали ходими Отабек Хайлаев чемпионатда биринчи ўринни қўлга киритганидан мамнунлигини таъкидлар экан, ҳар бир беллашув юқори савияда ва жуда қизғин ўтганини алоҳида қайд этди.
– Мусобақада иштирок этган ҳар бир рақиб кучли тайёргарликка эга эканини кўрсатди. Бу мусобақада ғалаба қозониш мен учун катта ютуқ. Биринчи ўринга эришиш келгусидаги чемпионатларда янада пухта ва мақсадли тайёргарлик кўришга менга катта илҳом ва руҳий куч беради. Энг муҳими, мазкур чемпионат нафақат иштирокчиларнинг шахмат маҳоратларини ошириш, балки улар ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тажриба алмашиш муҳитини мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамият касб этди, – деди у.
Чемпионат якунида тақдирлаш маросими ўтказилди. Унга кўра, биринчи ўринни қўлга киритган ғолиб 130 миллион сўм, иккинчи ўрин соҳиби 100 миллион сўм, учинчи ўрин эгаси эса 70 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА