Остонадан ташқарида: Ортда – оила, олдинда – янги ҳаёт…
Самолётга чиқиш олдидан энг оғир лаҳза – жомадонни кўтариш эмас, яқинларни ортда қолдириб кетиш. Аэропортда хайрлашув, сўнгги қўнғироқ ва “ўзингизни эҳтиёт қилинг” деган оддий, аммо юракка яқин сўз сафарнинг асл маъносини очиб беради.
Жанубий Кореяга ишлаш учун йўл олган юртдошларимиз орасида ушбу мамлакатга илк бор кетаётганлар ҳам бор. Биров оиласи учун муносиб шароит яратиш, айримлар касбий тажрибасини ошириш, яна кимдир олдига қўйган мақсадига хорижда эришишни ният қилган. Аэропортдаги қисқа суҳбатларда эса бир фикр турли шаклда такрорланди: бу йўл ортида нафақат шахсий мақсад, балки яқинлар олдидаги масъулият ҳам бор.
Сафаргача бўлган давр ҳам алоҳида тайёргарлик талаб қилди. Фуқаролар махсус ўқув дастурида иштирок этиб, хорижда меҳнат фаолияти учун зарур билим ва кўникма эгаллади. Давлатимиз мақсади – фуқарони шунчаки иш жойига етказиш эмас, балки янги меҳнат муҳитига ҳозирлаш.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги фуқароларимизни тегишли тартибда ишга жойлаштириш, тайёрлаш ва жўнатиш ишларини мувофиқлаштиради. Расмий ишга жойлаштириш механизми орқали меҳнат шарти, юртдошларимизнинг ҳужжати ва ҳуқуқий манфаатига алоҳида эътибор қаратилади. Айни жараён чет элда иш берувчи билан ҳамкорликдан тортиб, фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилишгача қамраб олади.
Энди улар Кореяда. Хайрлашув они ортда қолди, ҳикоянинг энг муҳим қисми – иш, янги муҳитга мослашиш, муайян мақсадга эришиш эса олдинда.
Мусулмон Зиё,
Ойбек Давронов (видео),
ЎзА