Ислоҳотлар ҳар бир маҳаллада акс этмоқда
Мамлакатимизда ёшлар сиёсати соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳар бир маҳалла ва хонадон кесимида ўз аксини топмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ҳаётий ташаббуслар ижросини таъминлаш, йигит-қизлар учун яратилаётган кенг имкониятларни жойларда тарғиб этиш ҳамда уларнинг истиқболли ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги манзилли ўрганишлари якунланди.
Вилоятнинг чекка ҳудудларини ҳам қамраб олган ушбу жараён давомида минглаб ёшларнинг муаммолари тингланди, бандлик ва тадбиркорлик масалаларига амалий ечим топилди.
Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев вилоят ҳудудларида бўлиб, жойларда йигит-қизлар томонидан эришилаётган амалий натижалар ва уларнинг таклиф-ташаббуслари билан яқиндан танишди. Ўрганишлар давомида фаолият юритаётган ёш тадбиркорлар билан мулоқотлар ўтказилиб, уларнинг ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги муаммолари ҳамда имкониятлари ўрганилди.

Шунингдек, ахборот-кутубхона марказида ўтказилган очиқ мулоқотда талаба-ёшлар томонидан стартап ва рақамлаштириш, таълим, илм-фан ҳамда қишлоқ хўжалигига оид лойиҳалар тақдим этилди ва уларни амалга ошириш бўйича масъуллар бириктирилди.

“Раҳбар ва ёшлар” учрашувида йигит-қизларнинг мураккаб масалалари ва ташаббуслари бевосита тингланиб, тегишли ечимлар белгиланди. Ташрифлар давомида замонавий иссиқхоналар, “Кўмак” лойиҳаси ҳамда эгар ва этик тайёрлаш, ёғоч ўймакорлиги билан шуғулланувчи ёш ҳунармандлар фаолияти ҳам кўздан кечирилди.

Ҳунарманд ёшларнинг лойиҳаларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва янги иш ўринлари яратиш мақсадида воситачи жамғарма ва банклар орқали имтиёзли молиявий кўмак ажратиш ҳамда лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. Ҳудудлардаги ўрганишлардан асосий мақсад — энг чекка маҳаллалардаги ёшларнинг ҳам муаммоларини ҳал этиш ва уларни қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА