Остеопороз – суякларни емирувчи "соқов эпидемия"
20 октябрь – Бутунжаҳон остеопорозга қарши курашиш куни
Айрим хасталиклар ташқи белгиларсиз, ҳеч қандай оғриқ ёки шикоятларсиз бошланиб, йиллар давомида инсон организмини ичкаридан емириб боради. Шундай хавфли ва айни пайтда энг кўп тарқалган патологиялардан бири бу, остеопороз ёки тиббий тилда айтганда, суяк тўқимаси мўртлашувидир. Ҳар йили 20 октябрь санасида Бутунжаҳон остеопорозга қарши курашиш кунининг кенг нишонланиши жиддий огоҳлантирувчи глобал сигнал ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Халқаро остеопороз фонди маълумотларига кўра, ҳозирда ер юзида 500 миллиондан ортиқ инсон ушбу касалликдан азият чекмоқда. Айниқса, бу касалликнинг ногиронлик ва ўлим ҳолатлари бўйича юрак-қон томир, онкологик хасталиклар ҳамда қандли диабетдан кейинги ўринлардан бирини эгаллаб тургани унинг нақадар жиддий тиббий-ижтимоий муаммо эканини кўрсатади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, остеопороз илмий жиҳатдан узоқ вақт давомида қариликнинг табиий жараёни ёки муқаррар ҳолат сифатида қабул қилиниб келинди. Бироқ ХХ асрнинг охирларига келиб, замонавий тиббиёт ва диагностика технологияларининг ривожланиши бу ёндашувни бутунлай ўзгартириб юборди. 1997 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинадиган ушбу халқаро сананинг бош мақсади ҳам аҳоли ўртасида суяк саломатлиги ҳақидаги билимларни ошириш, касалликни ўз вақтида аниқлаш ва энг муҳими, унинг олдини олиш маданиятини шакллантиришдан иборат. Чунки остеопороз дастлабки босқичларда ўз аломатларини умуман юзага чиқармаслиги боис, тиббиётда ҳақли равишда «соқов эпидемия» деб аталади. Кўпинча бемор соғлом юрганида оддий йиқилиш ёки кундалик ҳаракат вақтида содир бўлган оғир синишларгина касалликнинг борлигини фош қилади. Статистик маълумотларга кўра, 50 ёшдан ошган ҳар уч аёлдан бири ва ҳар бешинчи эркакда остеопороз келтириб чиқарадиган синиш ҳолатлари кузатилади.
Соҳадаги илмий тадқиқотлар ва халқаро тажриба шуни кўрсатадики, суяк массасининг камайиши бир қатор биологик, гормонал ва турмуш тарзи омиллари билан чамбарчас боғлиқ. Хусусан, аёлларда менопауза даври бошланиши билан эстроген гормони миқдорининг кескин камайиши суяк тўқимасини янгиловчи жараёнларни издан чиқаради ва суякларнинг кальцийни йўқотишини тезлаштиради. Шу билан бирга, нотўғри овқатланиш, кальций ва D витамини етишмовчилиги, камҳаракатлик, тамаки маҳсулотлари ва алкоголни истеъмол қилиш, шунингдек, айрим дори воситаларини узоқ вақт қабул қилиш касаллик хавфини бир неча баробар оширади. Ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, остеопороз оқибатларининг олдини олишнинг энг самарали йўли бирламчи профилактика ва оммавий скрининг тизимини йўлга қўйиш. Дунёнинг етакчи клиникаларида денситометрия (суяк зичлигини ўлчаш) текширувлари орқали хавф гуруҳидаги шахсларни эрта босқичда аниқлаш амалиёти юқори натижалар бермоқда.
Остеопорознинг «ёшариши» ва глобал тарқалиши сабаблари ҳам кўпчиликни ташвишга солмоқда.
– Илгарилари остеопороз фақат кекса ёшдаги аёлларнинг касаллиги сифатида қаралар эди. Ҳозирги кунга келиб эса у ҳатто 30-40 ёшдаги кишилар орасида ҳам учраётгани тиббиёт ходимларини жиддий ўйлантирмоқда. Бунга замонавий ҳаёт тарзи ва бир қатор салбий омиллар бевосита сабаб бўлмоқда, – деди соҳа мутахассиси Одилбек Машарипов. – Замонавий инсонларнинг кўпчилиги соатлаб ўтириб ишлайди (офис шароити, компьютер, гаджетлар). Жисмоний фаолиятнинг етишмаслиги суякларнинг кальцийни ўзлаштиришини секинлаштиради, чунки суяк мушаклар юкламаси ва ҳаракат пайтидагина мустаҳкамланади. Фаст-фудлар, туз ва ёғ кўп истеъмол қилиниши, шунингдек, газли ширин ичимликлар (таркибидаги фосфор кислотаси суякдан кальцийни ювиб чиқаради) ва ҳаддан ташқари кўп кофе ичиш суякларни ичкаридан заифлаштиради. Замонавий ҳаёт ритми одамларнинг очиқ ҳавода, табиий қуёш нурида кам бўлишига олиб келди. D витамини эса организмда кальцийнинг тўлиқ сўрилиши учун масъул асосий калит ҳисобланади. Шунингдек, тамаки маҳсулотлари, энергетик ичимликлар ва спиртли ичкиликларни истеъмол қилиш ёшлар ўртасида суяк зичлигининг эрта камайишига олиб келади. Доимий стресс эса суяк тўқимасини емирувчи кортизол гормонининг кўпайишига сабаб бўлади.
Шу билан бирга, кўпчиликни замонавий тиббиёт бу касалликни бутунлай даволай оладими, деган савол қизиқтиради. Остеопорозни мутлақ изи қолмасдан йўқ бўлиб кетадиган оддий ўткир касаллик деб бўлмайди, чунки ёш ўтиши билан инсон табиий равишда қартайиш жараёнларини бошидан кечиради. Лекин уни тўхтатиш, суяк зичлигини қайта тиклаш ва синишлар хавфини минимал даражага тушириш мумкин. Замонавий фармакологияда суяк емирилишини тўхтатувчи ва унинг янгиланишини кучайтирувчи махсус дори воситалари мавжуд. Агар касаллик ўз вақтида – бошланғич босқичда (остеопения даврида) аниқланса, фақатгина турмуш тарзини ўзгартириш, махсус даволаш жисмоний машқлари, тўғри овқатланиш ҳамда кальций ва D витамини балансини тиклаш орқали муаммони тўлиқ бартараф этиш мумкин.
Мамлакатимизда ҳам сўнгги йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, айниқса, сурункали ва хавфли касалликларнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, ҳудудларда скрининг марказларини ташкил этиш ва аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Кекса ёшдаги фуқаролар ва менопауза давридаги аёллар ўртасида профилактик кўрикларни ўтказиш, суяк саломатлигини баҳолаш бўйича замонавий тиббий ускуналар билан таъминланиш кўлами босқичма-босқич кенгайтирилмоқда.
Эндокринология, ревматология, травматология-ортопедия ва остеология йўналишларида юқори малакали илмий мактаблар ва мутахассислар фаолият юритмоқда. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази ва бошқа етакчи тиббиёт муассасаларида остеопорозни ташхислаш ва даволаш бўйича замонавий протоколлар жорий этилган. Пойтахтимиз ва вилоятлардаги кўплаб илғор клиникалар суяк тўқимасининг зичлигини аниқлаб берувчи замонавий денситометрия ускуналари билан жиҳозланган. Шунга қарамай, соҳада ҳали ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар ҳам мавжуд. Хусусан, бирламчи тиббий санитария ёрдами муносабатларида остеопороз хавфларини эрта босқичда баҳолаш маданияти тўлиқ шаклланмагани, кўплаб беморлар фақатгина суяк синиши рўй бергандан кейингина шифокорга мурожаат қилиши ва аҳолининг бу борадаги хабардорлиги етарли эмаслиги жиддий эътибор қаратишни талаб этади.
– Остеопорознинг олдини олиш ва унинг оғир оқибатларидан сақланиш учун ҳар бир инсон ёшлигидан бошлаб ўз саломатлигига бефарқ бўлмаслиги керак, – дейди О.Машарипов. – Бунинг учун кундалик рационга кальцийга бой маҳсулотлар (сут маҳсулотлари, кўкатлар, балиқ)ни киритиш, организмни D витамини билан таъминлаш, мунтазам равишда жисмоний фаолият (пиёда юришни канда қилмаслик, енгил гимнастика) билан шуғулланиш ҳамда зарарли одатлардан воз кечиш ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шунингдек, хавф гуруҳига кирувчи шахслар ўз вақтида шифокор кўригидан ўтиб, суяк зичлигини текширтириб туришлари лозим.
Хулоса қилиб айтганда, суяклар мустаҳкамлиги инсон ҳаракат эркинлиги ва фаол узоқ умр кўришининг пойдеворидир. Шу боис, бугунги кунда тиббиёт олдида турган асосий вазифа касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олишга устувор аҳамият қаратган ҳолда, ҳар бир фуқарода ўз саломатлигига нисбатан масъулият ҳиссини кучайтиришдир.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА