Устоз ижодкор, атоқли адиб Хайриддин Султоннинг асарлари халқчил, равон ифода усули, самимияти, инсон руҳиятининг мураккаб эврилишларини ёрқин ва ғоят таъсирчан, бетакрор тарзда очиб бериши, мукаммал бадиияти билан диққатга сазовордир. Бу жиҳатлар машҳур адибнинг яқиндагина чоп этилган “Осмони фалакларда” номли китобида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.
Пойтахтимиздаги “Ренессанс” санъат саройида устоз ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизнинг ижодкор зиёлилари – атоқли ёзувчи ва шоирлар, олимлар, адабиёт мухлислари, маънавият соҳаси фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда эътироф этилганидек, бугунги кунда Янги Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида барча жабҳалар қатори илм-фан, таълим-тарбия, маданият, санъат ва адабиёт, китоб ва китобхонликни ривожлантириш борасида янги-янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Жамиятимизда аҳолининг маданий савияси ва мутолаа маданиятини юксалтиришга доир муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш юзасидан бошланган катта ишлар, миллий дастурлар изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг халқимизни китобхон миллатга айлантиришга оид эзгу интилишлари мамлакат миқёсида кенг қулоч ёзиб, умуммиллий ҳаракатга айлангани эътиборга моликдир.

“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг асосий мақсадларидан бири ҳам ёшлар маънавиятини юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида китобхонликни ривожлантириш ва тарғиб қилишдан иборат экани барчага яхши маълумдир. Бу ибратли ташаббус эса мамлакатимизда халқимиз, айниқса ёш авлоднинг китобга бўлган қизиқишини кучайтиришга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунасидир.
Aйни шу эзгу мақсадда мамлакатимиз миқёсида “Ёш китобхон”, “Зукко китобхон”, “Ёш китобхон оила” сингари қизиқарли танловлар, “Ёшлар учун минг китоб”, “Маърифат улашиб”, “Китоб карвони” акциялари, китоб байрамлари ва ярмаркалари, адабиёт ҳафталиклари мунтазам ташкил қилинмоқда.

Яқинда Фарғона вилоятида Халқаро китобхонлик фестивали юксак савияда ташкил этилиб, унда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатларидан китобсеварлар, таниқли шоир ва ёзувчилар, зиёлилар иштирок этгани Ўзбекистонда китобхонлик, миллий адабиёт, бадиий ижод равнақи йўлидаги улкан эътиборнинг амалий натижасидир.
Маълумотларга кўра, бугун мамлакатимизда 600 дан зиёд нашриёт, 700 га яқин китоб дўкони, шу билан бирга, китоб етказиб бериш хизматлари ҳамда онлайн савдо платформалари фаолият юритмоқда.
Бу эса давлатимиз раҳбарининг китобхонликни ривожлантиришга доир ибратли ғоялари ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топаётганини намоён этмоқда. Миллий адабиётимиз, мутолаа ривожига қаратилаётган эътибор бадиий жиҳатдан баркамол янги-янги асарларнинг яратилишида асосий омил бўлмоқда.
Устоз ижодкор, таниқли ёзувчи Хайриддин Султон қаламига мансуб “Осмони фалакларда” номли китоб ўзбек адабиётида деярли ёритилмаган мавзу – учувчилар ҳаётига бағишлангани билан диққатга сазовордир. Юртдошларимиз рамзий маънода ва ҳавас қилиб “само лочинлари” деб атайдиган машаққатли касб эгаларининг мунтазам мардлик ва матонат талаб этадиган фаолияти, уларнинг фавқулодда ҳолатлардаги қалб кечинмалари, қатъият ва иродаси, севги ва бурчга садоқат туйғулари чуқур драматизм билан тасвирланади.
Кутилмаган, шиддатли воқеаларга бой, кескин сюжет йўналишига эга ҳикояларда бош қаҳрамонларнинг маънавий жасорати ва инсоний ожизликлари, одамзод руҳиятининг сирли жумбоқлари бетакрор характерлар тимсолида намоён бўлади.
Тақдимот маросимига буюк адибимиз Aбдулла Қодирийнинг: “Модомики, биз янги даврга оёқ қўйдик, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу янги даврнинг янгиликлари кетидан эргашамиз ва янгаришға ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”, деган сўзлари бош ғоя сифатида танланганида чуқур рамзий маъно бор.
Китоб тақдимотига бағишланган адабий анжуман ғоят самимий, файзли, янгича маъно ва мазмунга бой йўсинда ташкил этилгани билан диққатга сазовор бўлди.
Театрлаштирилган саҳналар, насрий, шеърий ва мусиқий талқинлар, кинолавҳалар тақдимотда қатнашган ижодкорларда унутилмас таассурот қолдирди.
Тақдимот Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Маданият вазирлиги, Кинематография агентлиги, Маънавият ва маърифат маркази, “Uzbekistan Airways” компанияси ва Бадиий академия ҳамкорлигида ташкил этилди.
Мавзу ва воқеликка ёндашув, шакл-шамойил жиҳатидан ҳам янгича талқинга эга ушбу китоб “Aдабиёт” нашриёти томонидан чоп этилган.
Бир сўз билан айтганда, атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Осмони фалакларда” асари адабиётга, яхши китобга меҳри баланд юртдошларимиз учун яна бир туҳфа бўлди.
Н.Усмонова, ЎзА