Осиё ўйинларига тайёргарлик ҳолати кўриб чиқилди
Куни кеча Спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси ишчи гуруҳи “Аичи–Нагоя-2026” мусобақасига кўрилаётган тайёргарлик жараёнлари билан танишиш мақсадида сув спорт турлари, волейбол, велоспорт, қиличбозлик федерацияларида мутахассис-мураббийлар билан суҳбат ўтказди.
Учрашувлар давомида спортчиларнинг машғулот режалари, халқаро мусобақалар тақвими, лицензия ва рейтинг мусобақаларидаги иштироки, ўқув-машғулот йиғинлари, илмий-методик ҳамда тиббий таъминот, шунингдек, Осиё ўйинларида юқори натижа қайд этиши кутилаётган спортчиларнинг тайёргарлик ҳолати таҳлил қилинди.

Ҳар бир федерация кесимида мавжуд имкониятлар, тайёргарлик жараёнида самарадорликни янада ошириш ҳамда мусобақаларга ҳозирлик кўриш юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, XX ёзги Осиё ўйинларида 45 мамлакат спортчилари 41 та спорт турида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Т.Рўзиев,
ЎзА