Осиё ўйинлари: Умумий жадвалда вазият қандай?
Япониянинг Аичи ва Нагоя шаҳарларида давом этаётган ХХ Осиё ўйинларининг 22 сентябрь куни бўлиб ўтган беллашувлари якунига кўра, умумий медаллар жадвалида бир қатор ўзгаришлар рўй берди.
Қувонарлиси, ушбу кунда делегациямиз ҳисобига учта медаль қўшилди. Жумладан, ушу бўйича баҳсларда Дарья Латишева 19,413 балл жамғариб, кумуш медалга сазовор бўлди. Аралаш жанг санъатининг анъанавий йўналишида -60 килограмм вазн тоифасида баҳслашган Ҳилола Собирова ҳамда модерн йўналишида 60 килограммгача бўлган вазн тоифасида иштирок этган Фирдавс Атамурадов ҳам кумуш медални қўлга киритди.
Шу тариқа, делегациямиз 1 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан умумий жадвалнинг 9-поғонасидан жой олди.
Медаллар жадвалида Хитой 35 та олтин, 13 та кумуш ва 9 та бронза, жами 57 та медаль билан пешқадамлик қилмоқда. Япония 11 та олтин, 17 та кумуш ва 19 та бронза медаль билан иккинчи, Жанубий Корея 6 та олтин, 5 та кумуш ва 18 та бронза медаль билан учинчи ўринда.
Кучли ўнликдан Қозоғистон 6 та олтин, 2 та кумуш ва 5 та бронза, Таиланд 4 та олтин ва 1 та кумуш, Гонконг 3 та олтин, 5 та кумуш ва 5 та бронза, Тожикистон 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза, Ҳиндистон 1 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза, Ўзбекистон 1 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза, Хитой Тайпейи 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза медаль билан қайд этилган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА