Agence France-Presse агентлигининг Осиё олимпия кенгаши (OCA) вакили сўзларига асосланиб хабар тарқатишича, бошланишига 137 кун қолган қитъа ўйинлари 2023 йилнинг 10-25 сентябрь кунларига кўчирилиш эҳтимоли мавжуд.
Хабарда келтирилишича, шу кунларда Ханчжоудан 180 километр узоқликда жойлашган Шанхай шаҳри COVID-19 пандемияси билан боғлиқ катта босимни бошдан кечирмоқда. Ўтган куни Шанхайда 12 нафар киши касалланишнинг кучайиши натижасида вафот этган. Бу, яқин ҳафталардаги энг юқори кўрсаткичдир. Айни ҳолат бутун Хитой бўйлаб эпидемиологик вазият мураккаблашаётганини кўрсатмоқда.
Ханчжоу-2022 ўйинларини ўтказиш ташкилий қўмитаси ҳозирча “тўрт йиллик ўйинлар”нинг қолдирилиши ёки янги муддатга кўчирилиши борасида расмий муносабат билдирганича йўқ. Ёзги қитъа мусобақалари ўтадиган 56 та спорт мажмуаларида сўнгги ишлар якунланганлиги ҳамда ўйинларда қатнашадиган хорижий жамоалар учун COVID-19 протоколи тайёрланаётганини маълум қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтадиган XIX Осиё ўйинларида спортчилар 40 та спорт турининг 61 та йўналишида 482 та медаллар жамланмаси учун беллашиши белгиланган. Илк баҳслар “кичик олимпиада”нинг тантанали очилиш маросимидан 4 кун аввал, яъни 6 сентябрдан бошланади.
Ўйинлар жорий йилнинг 10-25 сентябрь кунлари ташкил этилиши режалаштирилган.