Осиё ўйинлари: дзюдочилар учун антидопинг семинари ташкил этилди
Японияда ўтадиган XX ёзги Осиё ўйинлари яқинлашгани сайин миллий терма жамоаларни мазкур нуфузли мусобақага руҳий ва жисмоний жиҳатдан тайёргарлигини мукаммал олиб бориш билан бирга ҳар бир спортчида антидопинг қоидаларига амал қилиш бўйича зарур билимларга эга бўлишини таъминлаш муҳим вазифа саналади.
Шу кунларда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги томонидан Осиё ўйинларига тайёргарлик кўраётган миллий терма жамоалар ўртасида профилактик антидопинг семинарлари давом этмоқда.
Навбатдаги семинар Аичи-Нагоя мезбонлигида ўтадиган ёзги Осиё ўйинларига тайёргарлик олиб бораётган дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси спортчилари иштирокида ташкил этилди.

Унда ҳар бир спортчининг шахсий масъулияти ва антидопинг қоидаларига қатъий риоя қилишга урғу берилди.
Шунингдек, халқаро мусобақалардаги антидопинг талаблари, допинг-назорати жараёнлари ҳамда тақиқланган моддалар билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.

Спортчилар ўртасида юқори антидопинг маданиятини шакллантиришга қаратилган бундай тадбирлар давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, XX ёзги Осиё ўйинлари жорий йилнинг 19 сентябрь-4 октябрь кунлари Япониянинг Аичи-Нагоя шаҳрида бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА