Осиё миллатлар кубогида шахматчиларимиз кумуш ва бронза медалларига сазовор бўлди
Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрида шахмат бўйича поёнига етган эркаклар ва аёллар жамоалари ўртасидаги Осиё миллатлар кубоги мусобақасида Гулруҳбегим Тоҳиржонова ва Нилуфархон Имомқўзиева ўз тахталарида совринли ўринларни қўлга киритди.
Кеча қитъа кубогининг сўнгги 7-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова, Умида Омонова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Нилуфархон Имомқўзиевадан иборат Ўзбекистон жамоаси Россия аёллар жамоаси билан рақобатлашди.

Муросасиз кечган қарама-қаршиликда биринчи тахтада Афруза Ҳамдамова Екатерина Лагно билан, 3-тахтада Умида Омонова Анна Шахман билан муроса йўлини танлаган бўлса, Гулруҳбегим Тоҳиржонова 2-тахтада Лея Гарифулинани мағлуб этди. Нилуфархон Имомқўзиева 4-тахтада Екатерина Голстевага имкониятни бой бериши натижасида Россия-Ўзбекистон жамоалари учрашуви 2:2 кўринишида якунланди.

Осиё кубоги сарҳисобига кўра, Россия жамоаси 13 очко билан 1-ўринни, 11 очко жамғарган Хитой 2-ўринни ва 10 очкга эга Қозоғистон вакиллари 3-ўринни банд этди. Ҳамюртларимиз 8 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 4-ўринни эгаллади.
Аёллар терма жамоамиз вакиллари тахталар кесимидаги индивидуал натижалар бўйича юксак натижаларга эришди.

Гулруҳбегим Тоҳиржонова қитъа кубогида 2-тахтада кўрсатган натижаси билан Осиё миллатлар кубогининг кумуш медали соҳибига айланган бўлса, Нилуфархон Имомқўзиева 5-тахтадаги муваффақиятли иштироки орқали шоҳсупанинг учинчи поғонасидан жой эгаллаб, Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига бронза медалини қўшди.

Шахматчи қизларимизнинг Осиё турнирида юқори ўринларни банд этгани мамлакатимизда маҳоратли ёшлар авлоди йилдан-йилга кўпаяётганини, терма жамоамиз аъзоларининг халқаро майдондаги салоҳияти юксалганини яна бир бор намоён этди.
Қитъа мусобақасининг эркаклар жамоалари ўртасидаги ўйинларида Ҳумоюн Бекмуратов, Баҳром Баҳриллаев, Абдумажид Ботиралиев, Шералижон Равшановдан иборат Ўзбекистон жамоаси охирги 9-тур баҳсида Бирлашган Араб Амирлиги жамоасига қарши дона суриб, рақибларини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Охирги тур ўйинлари натижасига кўра, Россия жамоаси 16 очко билан ғолиблик шоҳсупасидан жой олган вазиятда ёш шахматчилардан ташкил топган Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 10 очко билан кучли бешликни банд этди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА