Россия Федерациясининг Якутск шаҳрида давом этаётган «Осиё болалари» ўйинларининг дзюдо баҳслари ҳам полвонларимиз учун муваффақиятли бошланди.
Дзюдо мусобақаларининг илк кунида 5 нафар дзюдочиларимиз ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди. Аниқроғи, Хушнуд Султонов (-46 кг.), Хушнуд Бурхонов (-50 кг.) ва Муҳаммадкарим Нозиров (-55 кг.) ўз вазн тоифаларида барча рақибларини енгиб, олтин медални қўлга киритди.
Вазни 40 килограммгача бўлган Динора Ҳасанова финалга қадар рақиблари устидан зафар қучиб кумуш медалга эга чиққан бўлса, Дилноза Ҳамидова -44 кг.да бронза медалига сазовор бўлди.
Шу тариқа, дзюдочиларимизнинг 3 олтин ва 1 тадан кумуш ҳамда бронза медалларидан сўнг, делегациямиз ҳисобидаги медаллар сони 11 та олтин, 11 та кумуш ва 9 та бронза, жами 31 тага етди.
Мусобақа давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА