Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўсимликларни ҳимоя қилишда биологик кураш тадбирларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.
Унга мувофиқ, Биологик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчилар томонидан кўпайтирилган биологик ҳимоя воситаларини сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Низомда:
биологик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи томонидан кўпайтирилган биологик ҳимоя воситаларига сертификат бериш ва уни расмийлаштириш;
мувофиқликни баҳолаш органлари ва инспекторлар томонидан биологик ҳимоя воситаларини кўпайтириш билан боғлиқ жараёнларнинг соҳадаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини мониторинг қилиш;
биологик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи томонидан кўпайтирилган биологик ҳимоя воситаларига сертификатни қайта расмийлаштириш;
биологик ҳимоя воситаларини ишлаб чиқарувчи томонидан кўпайтирилган биологик ҳимоя воситаларига сертификатлар реестрини юритиш тартиби белгилаб берилган.
2024 йил якунига қадар “Биосифат” республика маркази лабораторияси замонавий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар билан таъминланади ҳамда биологик ҳимоя воситаларининг сифатини жойида аниқлайдиган экспресс-мобиль лаборатория хизмати йўлга қўйилади.
Ўзбекистон Республикасининг “Ўсимликларни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 15-моддасига мувофиқ республикада фаолият юритаётган биолабораториялар томонидан ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасидаги техник регламентларда кўрсатилган хавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда фитосанитария тадбирларини ўз вақтида амалга оширилиши, биомаҳсулотларнинг сифати ва далага тарқатиш меъёри бўйича сертификатланган биологик ҳимоя воситаларини тарқатилиши йўлга қўйилади.
Қарорга кўра, 2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда биологик ҳимоя воситаларини кўпайтиришнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланди.
2024-2025 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳамда вилоятлар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармалари муқаддам биолаборатория сифатида фойдаланиб келинган бино ва иншоотларни қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик шартларида тадбиркорлик субъектларига ажратилади.
Биолабораториялар ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчилар ўртасида биомаҳсулотларни етказиб бериш тўғрисидаги шартномаларнинг тузилиши ва биолабораторияларнинг молиялаштирилиши ҳамда биомаҳсулотларнинг далага тарқатилиши бўйича маълумотлар “Рақамли қишлоқ хўжалиги” платформасига жойлаштириб борилади.
Қарорда 2024-2025 йилларда хорижий (халқаро) молия институтлари, бошқа хорижий донорларнинг техник кўмаклари ҳамда грантларини жалб этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда камида биттадан намунали замонавий биолабораториялар ташкил этиш кўзда тутилган.
ЎзА