Хавфсизлик хизматининг истеъфодаги полковниги Худойберди Соҳибов ҳамда Кобул резидентурасининг собиқ хизматчиси Суннатилла Мирзалиев билан суҳбат

Ўзбек ва афғон халқларини яқин қўшничилик ва дўстлик ришталари боғлаб туради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев айтганидек, «Ўзбекистон ва Афғонистон халқлари асрлар давомида ягона маданий-цивилизацион маконда яшаб келган. Азал-азалдан Амударёнинг икки томонида ўзаро ўхшаш тиллар, умумий муқаддас дин ва муштарак маънавий қадриятлар бирлаштириб турадиган халқлар яшаб келмоқда».

Буюк ипак йўли замонида икки дарё оралиғида ўрнатилган ўзаро савдо ришталари ва ижтимоий алоқалар ўтган асрнинг 20 йилларида бардавом бўлган. Бу ўлка зиёлиларимизга муҳтожлиги пайтида олиму муаллимларимиз афғон халқи ёнида турганлар. Миллатимизнинг етук маърифатпарвари Абдулла Авлоний Афғонистонда маориф вазири бўлиб ишлаган. У ерда Совет Иттифоқининг Ҳиротдаги мухтор элчиси лавозимида хизмат қилган.

Таниқли зиёли Муҳаммадшариф Сўфизода Афғонистон маориф вазири ўринбосари бўлиб ишлаб қайтгач, бу ўлканинг Туркистондаги элчихонасида тилмочлик қилган. Бундай мисоллар талайгина.

Ўтган йили фаолият бошлаган янги ҳукумат билан хориж давлатлари орасида биринчилардан бўлиб республикамиз Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги нуфузли ҳайъат у ерга борди. Ўзаро муносабатларнинг янги босқичини бошлаб берди.

Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон ишлари бўйича махсус вакили институти ташкил этилди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Фахрийлар кенгаши аъзолари, истеъфодаги полковниклар –  Худойберди Соҳибов ва Суннатилла Мирзалиев билан 1979-1989 йилларда Афғонистондаги воқеалар борасида суҳбатлашдик.

Худойберди Соҳибов: – Афғонистон мавзуи ҳамма даврда Ўзбекистон учун долзарб бўлган. Икки давлатнинг геосиёсий жойлашуви уларни бир-биридан айро кўришга монелик қилади. Мовароуннаҳр, Туркистон, Турон заминида чегаралар ҳаминқадар бўлган. Ўзаро борди-келдилар, қуда-андачилик ришталари, олимлар, зиёлилар, ижод аҳлининг ҳамкорлиги узилмаган. Ҳали-ҳануз давлат шимолий ҳудудининг аксарият аҳолисини ўзбеклар ташкил этади.

Яқин-яқинларгача Ўрта Осиё давлатлари деганда, дунё жуғрофиясида Афғонистон ҳам бу минтақанинг тўлақонли аъзоси ҳисобланган.

1979-89-йиллар воқеаларига кирмасдан олдин бошқа бир тарихий факт билан ўртоқлашсам. Афғонистон ҳукумати Англия ва замонасининг илғор бошқа давлатларини доғда қолдириб, Совет Иттифоқи давлати тузилганини 1919 йилдаёқ биринчилардан бўлиб эътироф этди.

Ўтган асрнинг 20 йиллари охирида Омонуллохон мушкул аҳволга тушганида, қизил армия унга ёрдамга шошади. Хабарингиз бўлса керак, бу подшоҳ новаторлиги, ташаббускорлиги билан Афғонистон тарихида из қолдирган. Ўзининг мусулмон мамлакатида инқилобий ўзгаришларни амалга оширган. Хусусан, унинг ислоҳотлари натижасида кўпхотинлик ва балоғатга етмаган қизларни турмушга узатиш тақиқланди. 

Шунингдек, аёлларнинг чачвонда ёпиниб юришлари бекор қилинди ва ҳоказо. Алал-оқибат, диний маъмурият подшоҳнинг бу ўзгаришларига қарши исён кўтаради ва мамлакатда оммавий тартибсизликларни уюштиради.

1927 йилда Москва Омонуллохон ҳукуматини 12 та аэроплан ва артиллерия қуроллари билан таъминлайди. Кейинги йили Англия разведкаси Ҳабибулло бошчилигида жангари гуруҳ тузиб, мамлакатнинг шарқида йирик қўзғолон уюштиради. Афғон мусулмонлари подшоҳни шариат арконларини бузишда айбдор, деб топади ва Ҳабибуллони подшоҳ этиб эълон қиладилар.

1929 йилда Омонуллохон мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади.

Афғонистоннинг Москвадаги элчиси Набихон ва Ташқи ишлар вазири Сиддиқхон Иосиф Сталинга мурожаат этиб, зудлик билан ҳарбий ёрдам сўрашади. Шундай кейин коммунистлар партиясининг Сиёсий бюроси (Политбюро) қизил армия қисмларини Афғонистонга киритиш қарорини қабул қилади.

Икки минг кишилик чекланган қўшинга раҳбар этиб Кобулдаги совет ҳарбий атташеси, фуқаролик уруши қаҳрамони Виталий Примаков тайинланади. У Рағиббей лақаби билан ташкилий ишларни бошлаб юборади.

15 апрелда Афғонистоннинг Термизга яқин заставасига 6 та аэроплан воситасида қўққисдан ҳаводан берилган зарба қўшинларни шошириб қўяди. Примаков бошчилигидан ҳарбий отряд Амударёни кечиб ўтиб, афғон ҳудудига бостириб киради.

Қандаҳорга қочиб кетган Омонуллохон советлар билан келишувга биноан Кобулга қайтади. Май ойида Термиз орқали қўшимча 400 кишилик аскарлар совет ҳарбийларига келиб қўшилади. Омонуллохоннинг тарафдорлари бўлган 500 ҳазорий ҳам жангларда фаоллик кўрсатади.

Амалиётлар муваффақиятли давом этишига қарамасдан кутилмаганда Омонуллохон мамлакатни ташлаб, Европага қочиб кетгани тўғрисида хабар тарқалади. Ўзи билан у давлат ғазнасини бўшатиб кетишни унутмайди.

Бундай шароитда советларнинг Афғонистонда жангларни давом эттиришининг моҳияти йўқолади.

– Ҳақиқатан ҳам бу кўпчилик учун тарихий янгилик бўлиши турган гап. Демак, 1979 йил воқеалари учун тарихдан келган сабоқ бор экан-да...

– Совет Иттифоқининг чекланган ҳарбий қўшинлари контингентини Афғонистонга киритиш билан сиёсий қарор қандай қабул қилингани тўғрисидаги тафсилотларга берилишни истамайман. Бир нарса аниқки, йирик рутбага эга айрим ҳарбий қўмондонлар бундай қарорга қарши чиққанлар. Совет тарихчилари уни ҳар қанча оқлашга уринишмасин, бу мазмунсиз, мантиқсиз уруш эди!

Ҳафизулла Аминни қатл этиш, Бабрак Кармал раҳбарлигида ҳукумат тузиш ва Афғонистонга қўшин киритиш тўғрисидаги зарур ҳужжатлар марказий идорада ҳам, Кобулдаги резидентурада ҳам йўқотиб ташланган.

"Афғонистонга қўшин олиб кириш бир кунда, бир кечада, сиёсий бюро йиғилишида ҳал этилди", деган гаплар ҳам бекор! Туркистон ҳарбий округи СССР Мудофаа вазирлиги Бош штабининг ёпиқ директиваси билан Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон республикалари маҳаллий аҳолиси ҳисобидан махсус отряд шакллантириш ишлари ёз пайтидаёқ бошлаб юборилади. 1 августга келиб 154-махсус вазифаларни бажарадиган алоҳида отрядни ташкилий ишлари тугалланади. Кейинчалик у «Мусулмон батальони» (мусбат) номини олади.

Давлат хавфсизлик қўмитасининг махсус гуруҳлари ва 154-отряд 27 декабрдан 28-га ўтар кечаси Кобул шаҳрида жойлашган Афғонистон раҳбари Ҳафизулла Аминнинг жиддий қўриқланадиган Тож-Бек саройига ҳужум уюштиришади. «Шторм-333» деб номланган махсус ҳарбий амалиёт бор-йўғи 30-40 дақиқа давом этади. Амин бошчилигидаги Афғонистон Халқ демократик партиясининг таниқли намояндалари, ҳарбийлар ва маҳаллий аҳоли вакилларининг баъзилари бемаврид ўлим топади.

Афғонистон ҳукуматининг илтимосига кўра, Савр инқилоби ҳимояси учун киритилган совет қўшини бу ўлкада ўн йил қолиб кетади.

АФҒОНИСТОНДАГИ "САРОЙ ЎЙИН"ЛАРИ

– Сизнинг назарингизда Ҳафизулла Аминнинг ҳаёти қайси қилмишлари учун бундай фожиавий якун топади?

– ДХХнинг истеъфодаги полковниги, марҳум Турдиали Масутов билан кўп марта бу мавзуда суҳбатлашганмиз. Қолаверса, ҳаётининг сўнгги йилларида ўзбек тилида ёзиб, ўзидан кейин Афғонистон тўғрисида хотира қилиб қолдириб кетган «Қил устидаги қисмат» асарида бу ҳақда батафсил ҳикоя қилинади.

Т.Масутов айнан ўша – 1979 йилнинг сўнгги кунлари, яъни «Шторм»ни ҳам ўз ичига олган ҳафтада ДХҚнинг Афғонистондаги махсус бўлинмалари раҳбари генерал Юрий Дроздовга ёрдамчи бўлган ва унга таржимонлик қилган. Қатор Европа мамлакатларида нолегал, Хитой ва АҚШда резидент бўлиб ишлаган, жаҳон уруши қатнашчиси билан ёнма-ён, яқиндан ишлаш ҳар бир ёш офицернинг орзуси эди.

Гапнинг индаллосини айтадиган бўлсак, Афғонистонда «сарой ўйинлари» доим бўлиб турган. 

1933-1973 йилларда мамлакатни бошқарган Зоҳиршоҳ тахтдан ағдарилиб, ўрнига амакиваччаси Муҳаммад Довуд ўтиради. У Афғонистонни "республика", деб эълон қилади. 1978 йилнинг 27 апрелида Нурмуҳаммад Таракий Муҳаммад Довудни ўлдириб, давлат раҳбари ва бош вазир лавозимларини эгаллайди. Унинг ўринбосари этиб Бабрак Кормал, бош вазирнинг биринчи ўринбосари этиб эса Ҳафизулла Амин тайинланадилар. Мамлакат Афғонистон демократик республикаси, деб эълон қилинади.

Асли касби журналист бўлган Нурмуҳаммад Таракий 1963 йилда биринчи марта Москвага келади ва коммунистик ғоялардан руҳланиб, 1965 йилда халқ демократик партиясини тузади.

Ҳафизулла Амин Таракийнинг советлар томонидан тахтга келтирилганини ҳечам ҳазм қилолмайди. 1979 йилнинг сентябрь ойига келиб, қурол кучи билан уни тахтдан туширади, ўзи давлат тепасига чиқиб олади. Ҳатто Кремль раҳбари Леонид Брежневнинг Таракийни ўлдирмаслик тўғрисида ёзган мактуби-мурожаатини ҳам назарга олмай, ўзининг қабиҳ режасини амалга оширади.

1978 йил апрелдаги Савр инқилобининг содир этилиши собиқ Совет Иттифоқининг ташаббуси билан амалга оширилмайди. Қайтанга ундан кейин Москва олдида кўп муаммолар кўндаланг туради. Афғонистон қарийб олтмиш йил тинч, барқарор, яхши қўшни эди. Мамлакат барча кўрсаткичлар бўйича анча қолоқ бўлиб, феодал, ярим феодал муносабатлар ҳукм сурарди. Ҳар бир қабила олис аждодларининг турмуш тарзи анъаналари асосида ҳаёт кечирарди. Савр инқилоби том маънодаги жамият ҳаётини батамом ўзгартириб юборадиган даражадаги революция эмасди. Бу оддий сарой тўнтариши, ҳокимият алмашинуви эди, холос.

Халқ демократик партиясининг илтимосига кўра, юзлаб партия вакиллари, ҳарбий ва бошқа соҳалар бўйича совет маслаҳатчилари бу ерда ишлашга юборилади.

Қисқа муддатда партия ичида парокандалик юзага келади. Ҳафизулла Амин Таракийга нисбатан очиқ душманлик сиёсатини бошлаб юборади, фитналар уюштиради. Охир-оқибат тахтни эгаллайди.

Афғонистондаги мушкул вазият тўғрисида далил берувчи яна бир мисолни келтириб ўтишни истардим. АҚШнинг Кобулдаги элчиси Адолф Дабс Савр инқилобидан кейин бу ерга ишга юборилади, террорчи гуруҳлар томонидан у 1979 йилнинг 14 февраль куни ўлдирилади...

А. Дабс Ҳ.Амин билан сўнгги бир ярим йил давомида ўн тўрт (?) марта кўришишган...

– Ўша оғир йиллар ҳар ҳолда «совуқ уруш» даври, деб аталди. Совет Иттифоқи билан АҚШ ўртасида рақобат ҳам мавжуд эди. Босқинчиликда шу сабабни ҳам кўрсатишимиз мумкинми?

– Тўғри таъкидладингиз. Ўтган аср 70 йилларининг охирига келиб, икки давлат муносабатлари ёмонлашди. Коммунистик партиянинг бош органи – Сиёсий бюро (Политбюро) Афғонистонга кириш қарорини олади. 12 нафар Сиёсий бюро аъзоларидан фақатгина Иттифоқ министрлар советининг раиси Алексей Косигин бу масалада қатъий норозилигини билдиради.

А.Косигин ва Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги раҳбари Шароф Рашидовнинг бевосита саъй-ҳаракатлари натижасида1966 йилда Тошкентда Ҳиндистон ва Покистон ўртасида ҳарбий амалиётларни тўхтатиш тўғрисида битим имзоланади. Ҳар ҳолда бу маълумотни эслатиб қўйиш фойдадан холи бўлмайди.

Мавзуга қайтадиган бўлсак, 1979 йилнинг 12 декабрь куни Вашингтоннинг талаби билан НАТО Европада 572 та ўрта узоқликка учадиган ракеталар (1700 километрга учадиган 108 та “Pershing-2» ва 464 та BGM-109G “Tomahawk”) жойлаштириш қарорини қабул қилади.

Совет Иттифоқи эса Афғонистонда ҳарбий вазиятни қўлга киритиб, Жанубий Осиё, Ўрта ва Яқин Шарқни ўз назоратига олишни мўлжаллайди. Бу эса Совет Иттифоқи билан НАТО ўртасида маълум маънода баланс-тенгликни таъминлашга олиб келиши фараз қилинган эди.

– Мусулмон батальони тўғрисида гапириб, қизиқтириб қўйдингиз, шу ҳақда батафсил маълумот олишни хоҳлардик.

– Бу батальон «Зенит», «Гром» сингари жанговар отрядлар билан бир қаторда Тож-Бек саройини ишғол этишда муҳим ўрин тутганини тарихчилар эътироф этишади. Ўша пайтда бу батальон СССР махсус хизматининг Кобулдаги жанговар кучи, деб билинган.

Батальонга номзодлар роса сараланиб танлаб олинган. Чирчиқ шаҳрининг "Озодбош" ҳарбий дала полигонида ўзбек, тожик ва туркман аскарлари қаттиқ синовдан ўтказилган. Аввало уларнинг жисмоний бақувватлиги ва сиёсий эътиқодига эътибор берилган. Фикрлаш доираси ва тезкор мустақил қарор қабул қилиш каби характеридаги аломатларга диққат қилинган. Беш мингдан ортиқ йигит кўрикдан ўтказилган. Улар орасидан бор-йўғи 540 нафари танлаб олинган. Бу йигитларга соқолларини ўстириш талаби қўйилган. Ўспиринлар нима мақсадда бундай тайёргарлик кўраётганини билмаганлар ҳам.

Бу қаҳрамон батальон Тож-Бек саройига биринчилардан бўлиб бостириб киради, унинг қўмондони майор Т.Холбоев бўлган.

Юз кишилик «мусбат»дан «Шторм»нинг илк куни 10 ҳарбий хизматчи вафот этади, 34 киши яраланади. ДХҚ ходимларидан эса ўн нафари ҳалок бўлади.

Ўша куни 1 700 дан ошиқ афғон зобити ва аскари асирга олинади.

СССР Олий Совети президиумининг «ёпиқ» қарори билан 1980 йилнинг апрель ойида 400га яқин ДХҚ ходими орден ва медаллар билан тақдирланади. Мусулмон батальонининг етти нафар зобити – Х.Холбоев, А.Сатторов, В Шарипов, Р.Турсунқулов, М.Байхамбаев, АЖамалов ва Сахатовлар «Ленин» ордени билан тақдирланади.

– Ўзбек жангчилари ҳам Аминнинг ишғолида жасурлик намуналарини кўрсатганлар, деб дадил айта олар эканмиз-да.

– Албатта. Аслида Ватанимиз ва ватандошларимиз бу афғон урушида салмоқли ҳиссаларини қўшганлар, деб баралла айтишимиз мумкин. Аввало Тошкент вилоятидаги Чирчиқ ва Тузел ҳамда Сурхондарёнинг Кокайти аэропортлари шу йилларда фақат Афғонистон учун хизмат қилган. Кунига юзлаб жанговар ва фуқаролик самолётлари тинимсиз дарё ортига учиб-қайтиб турган.

Термизда Амударё устидаги 1982 йилда қуриб битказилган кўприк эса ўн йил давомида махсус иш режими асосида фаолият юритган.

Ўзбек ўғлонларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Қарийб 65 минг йигитимиз афғон урушида қатнашди. Улардан беш минги жанговар амалиётлар натижасида ногирон, турли хасталикларга чалиниб қайтди.

Бедарак йўқолган 417 совет аскарлари қаторида ўзбек болажонларимиз ҳам бор, албатта.

1512 нафар аскарларимиз бу мазмунсиз урушда жон бердилар. Уларнинг номларини абадийлаштириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди. Аммо уларнинг оилалари эса ҳануз фарзанд доғида куядилар. Афғонистонда вафот этганлар сони бўйича Ўзбекистон Россия ва Украинадан кейин учинчи ўринни эгаллайди, бу дегани барча ўлган совет аскарларининг 10 фоизини ташкил этади...

Шу ўринда статистик маълумотлар келтирай, хулосани ўқувчиларнинг ўзлари чиқариб олишсин. Ўн йил давомида 620 минг ҳарбий хизматчи совет армияси сафида Афғонистонга юборилди, салкам 15 минг жангчи ҳалок бўлди, қарийб 54 минг аскар эса яраланди...

– Афғон томонидан ҳам вафот этганлар сони бўйича бирор маълумот борми?

-1988 йилнинг июнь ойида Афғонистон президенти Нажибулло Бирлашган миллатлар ташкилотининг Бош ассамблеясидаги чиқишида 1978 йилда жанговар амалиётлар бошланган даврдан то 1988 йилнинг июнигача ҳукумат қўшинлари аскарлари, хавфсизлик идоралари ходимлари ва тинч аҳоли орасидан 243,9 минг киши вафот этган, шу жумладан 35,7 минг аёл, 20,7 минг 10 ёшга етмаган болалар қайд этилганини айтади. Ярадорлар сони 77 мингдан зиёд бўлиб, улардан 17 минги аёллар ва мингга яқини болалар эди.

Ҳозиргача афғон урушида ўлганлар сони тўғрисида аниқ маълумотлар йўқ. Матбуотда улар сони бир миллиондан ошиқ деган тахмин қилинади.

Бирлашган миллатлар ташкилотининг маълумотига кўра эса 640 минг афғон фуқаролари вафот этган.

– Афғон урушидан қандай хулосалар чиқариш мумкин?

– Менинг назаримда, икки томон ҳам моддий, ҳам маънавий талафот кўрди. Айниқса, Совет Иттифоқининг обрўйига анча сиёсий путур етди, унинг иқтисодиёти ўнглаб бўлмас даражада зарар кўрди. Афғонистонга қўшин киритиш ишига енгил-елпи қаралди, мамлакатнинг сиёсий вазияти, афғон армиясининг куч-қудрати етарлича ўрганилмади, чет эллардан мухолифатга келадиган ёрдамлар ҳисобга олинмади. Энг даҳшатлиси, жаҳон барқарорлигига ҳам зиён етказилди.

Американинг Афғонистондаги харажатлари бир триллион долларни ташкил этди. У инфраструктура ёки маданий иншоотлар бунёд этмади. Бу даврда наркотик савдоси авжига чиқди. 2003 йилда Кобулда 3-4 та наркотик моддаларга қарши курашиш бўйича халқаро ташкилотлар ва шунча маҳаллий идоралар бор эди. Бу нуфузли ташкилотларга қарамасдан оғу миқдори ва унинг савдоси бир неча баробар ошди. 

Советларнинг бу калтабин қилмишидан фойдаланиб қолган АҚШ ўзининг қўпорувчилик ҳаракатини кучайтирди. Экстремизм «экспорти»ни йўлга қўйди. Расмий Вашингтон собиқ Иттифоқнинг ҳарбий қудратини, иқтисодий салоҳиятини тезроқ тугатиш мақсадида бор кучини сарфлади, унинг дунёдаги обрўсини туширишга астойдил интилди.

НАЙРАНГЛАР...

– Дарвоқе, яна бошқа найранглар ҳақида ҳам мисоллар келтира оласизми?

– Оқ уйнинг Миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Збигнев Бжезинскийнинг хотираларида бу ҳақда етарли даражада маълумотлар бор. Унинг таъкидлашича, советларнинг Афғонистонга босқинидан сўнг 1980 йилнинг январь ойида мужоҳидларга ёрдам кўрсатиш бошланган – бу расмий хабар. Норасмий маълумотга биноан эса Президент Жимми Картер 1979 йилнинг июль ойидаёқ совет режими тарафдорларига қарши турган афғон мухолифатчиларига кўмак бериш тўғрисида қарор қабул қилган.

1998 йилда Франциянинг “le Nouvel Observateur” мухбирлари саволларига жавоб қайтара туриб, З.Бжезинский «советларнинг Афғонистонга кириши учун АҚШ томонидан провокацион ҳаракатлар амалга оширилмаган», деб баёнот берган эди.

«Энди Москва ўз бошига Вьетнам ботқоғини «совға» қилиш имконини яратди. Советларнинг ўн йиллик уруши охир-оқибат бу давлатнинг тугатилишига хизмат қилади», деб ёзган эди АҚШ Президенти маслаҳатчиси.

1979 йилнинг декабрь ойи охирида Сан-Антонио махсус базадан йўлга тушган илк мингта қурол ва ўқ-дорилар карвони Исломободга етиб келди. Разведка хизматлари уни дарров афғон мужоҳидлари орасида тақсимлаб тарқатади. Бундан кейинги ўн йилда бундай ёрдамларнинг кети узилмади...

КОБУЛ РЕЗИДЕНТУРАСИ СОБИҚ ХИЗМАТЧИСИ...

– Сиз узоқ йиллар Афғонистонда хизмат қилгансиз, бу давлатни ич-ичидан биласиз. Ўша машъум ўн йил ҳақида нималар дея оласиз?

Сунатилла Мирзалиев, Кобул резидентурасининг собиқ хизматчиси: – Дарҳақиқат, мен Афғонистонда беш йил хизмат қилганман. 1978 йилнинг февралида борган бўлсам, советларнинг бу ўлкадаги беш давлат раҳбари – Муҳаммад Довуд, Нур Муҳаммад Таракий, Ҳафизулла Амин, Бабрак Кормал ва Нажибулло билан ҳамкорлигининг гувоҳи бўлганман, баъзи жойларда уларнинг суҳбатларида бевосита қатнашганман.

Мен ҳозир совет қўшинларининг Афғонистонга кирганини оқлаш учун гапирмоқчи эмасман, ўша замон руҳидан келиб чиқиб ҳақ гапни айтиб бермоқчиман. Ҳар қандай авантюра-фитна инқирозга олиб келади. Афғон авантюраси ҳам қандай бошланган бўлса, шундай тугайди.

Тарихдан маълумки, Афғонистонга, айниқса унинг шимолий минтақаларига ҳар замон АҚШ, Англия, Олмония ва бошқа айрим мамлакатлар кўз олайтириб қараганлар. Ўтган асрнинг 70 йиллари ҳам бундан мустасно эмас эди. Бу давлатлар доим Совет Иттифоқининг бу ўлкага таъсирини ва қарашларини камайтиришга интилиб келишган. Махсус хизматлар идораларига Американинг Ўрта Осиё давлатлари сарҳадларига яқин ҳудудларда ташвишли ҳарбий ўй-фикрлари тўғрисида маълумотлар келиб туриши кўпайган пайт эди. Қисқа муддат ичида америкаликлар томонидан ниятларини амалга оширишга доир қисқа бўлса-да, ҳаракатлари ҳақида хабарлар кела бошлайди.

Махфий ҳужжатларда АҚШнинг Ўрта Осиё ҳудудида Менделеев жадвалига кирувчи барча кимёвий моддалар борлигига қизиқиш билдираётгани мунтазам қайд этиларди.

Ҳафизулла Амин АҚШда ҳарбий таълим олган, янада очиқроқ айтадиган бўлсак, у Американинг «одами» эди. У 1957 йилда Колумбия университетининг магистрлик даражасини битириб, 1962-1965 йиллари таҳсилни давом эттириб, докторлик илмий даражасини сазовор бўлади. Шунингдек, Амин Америкадаги ёш афғонлар марказининг лидери бўлган. Махсус хизматларнинг бундай қулай имкониятдан фойдаланиб қолмасликлари мумкин эмасди...

Ҳафизулланинг ўлимидан кейин унинг сейфида сақланган шахсий ҳужжатлари икки қопга жойлаштирилиб, резидентурага олиб келинади. Бу сирли қоғозларнинг таҳлилида қатнашганман. Унинг ён дафтарчасидаги ёзувлар орасида Вашингтонга оид телефон рақамлари чиқиб келади...

Аминнинг шахси сўнгги йилларда, айниқса, давлат тепасига келгач, афғон халқига аниқ таҳдид солаётгани қабул қилинмас ҳолат эди. Бора-бора у ҳақда турли гаплар тарқала бошлади: мол-дунёси билан АҚШга қочиб кетиш, банк ҳисобларини номаълум томонларга кўчириш, қимматбаҳо шахсий буюмларини Японияга юборишга тайёрланаётгани ва ҳоказолар. Бу маълумотлар умумлаштирилганда, Амин советларга қарши, деган хулоса чиқаришга олиб келади.

Кобулда ишлаб юрган кезларим Ҳ.Аминнинг ўша пайтдаги АҚШнинг Муваққат ишлар вакили Брюс Амшутс билан тез-тез учрашиб туриши хабарлари жиддий ташвиш уйғота бошлайди.

– Ҳурматли устоз, бу маълумотлар қандай усуллар билан тўпланар эди? Мумкин бўлса, шу ҳақда гапириб берсангиз.

– Кўпсонли душман жангарилари тўғрисидаги разведка маълумотларини асосан ДХҚнинг хориждаги разведка бўлинмалари ва Бош штабнинг Бош разведка бошқармаси – ГРУ тўплар эди. Бундан ташқари, бу ишга афғон армияси ва Афғонистоннинг бошқа тизимларида ишлаётган ДХҚ ва Ички ишлар вазирлигининг вакиллари – маслаҳатчилари жалб этилган эди.

Кобулда ДХҚнинг резидентураси фаоллик кўрсатган. Бу мамлакатнинг Давлат хавфсизлиги хизмати ва ҳарбий аксилразведка тизимларида совет маслаҳатчиларининг ўрни беқиёс бўлган. Бир сўз билан айтганда, бу тизимлар, айниқса, ГРУнинг асосий иши 40-армияни аниқ разведка маълумотлари билан таъминлашдан иборат эди.

Пойтахтда разведка маркази тузилган бўлиб, барча маълумотлар шу ерда тўпланар ва махсус таҳлилий гуруҳ тегишли хулосалар чиқариш билан машғул бўларди. Бу хулосалар натижасига кўра қайси минтақага кўпроқ кучни ташлаш керак, қайси жойларга артиллериядан ҳужум қилиш, фитна ёки кутилмаган ҳужумлар уюштириш сингари йўлланмалар ишлаб чиқилар эди. Бу ишда энг муҳими, маълумотларнинг ўта долзарб, ишончли ва кечиктирмай амалга ошириш учун қулай бўлиши талаб этиларди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсам, бу маълумотларнинг умри қисқа бўларди. Чунки жанглар ва унинг тактикаси мунтазам ўзгариб турарди.

– Расмана уруш кетаётган бир пайтда бу маълумотлар хонада ўтириб тўпланмаган бўлса керак?..

– Албатта, бунинг учун афғонлар ичидан бу урушга қарши бўлган ёлланма-ҳамкор кишилар танлаб олинар эди. Нафақат Афғонистон ичидан, балки қўшни давлатлар билан чегара районларида ҳам ёрдамчиларимиз бўлар эди.

Бу ишларни амалга оширишда ниҳоятда тажрибали ходимлар жалб этиларди. Ростини айтиш керак бўлса, бу ишда камчиликлар, нуқсонлар ҳам содир бўлиб турарди, барча ўйлаган ишлар ҳам муваффақиятли амалга оширилмасди.

– Дуч келган одам ҳамкорликка чорланмаган бўлса керак?

– Уруш шароитида мураккаб бўлган ишлардан бири шу эди – бизга иш берадиган, маълумот тўплашда уқуви бўлганлар танлаб олинарди. Минглаб кишилар орасидан советларга шундай хайрихоҳларни топиш мушкул эди.

Бундан ташқари, разведка учун зарур маълумотлар билан ишлайдиган ҳамкор қидириб топиш шарт бўлган талаблардан бири эди. Ёлланмалар билан учрашувлар қоронғи тушгач, пана жойлардаги алоҳида махсус хоналарда ўтказиларди. Унинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш бизнинг зиммамизда бўларди.

“Меҳмон"ни кузатиб юборгач, бу маълумотлар қайта ишланарди ва тонг саҳарда раҳбариятга етказиларди. Разведкачиларнинг ҳаёти-фаолияти ҳам жангчиларнинг уруш майдонидаги жанговар курашидан кам бўлмаган.

– Ҳамкорлик масаласига мисол келтира оласизми?

– Ҳамкорликнинг бир қолипи бўлмаган, унинг усуллари турлича эди. Атроф-муҳитдаги вазият ва қўйилаётган вазифаларга қараб ўзгариб бораверган.

Масалан, бир куни оддий афғон йигити мурожаат этиб, «сизларга мужоҳидларни қўлга туширишда ёрдам бермоқчиман», деб эшик қоқиб қолди. Уруш амаллари давом этаётган бехатар пайтда бундай таклиф ҳар кимни ҳам шошилтириб қўяди, турли шубҳа-гумонларга олиб келади. У билан узоқ суҳбатлар натижасида ростданам у синглиси билан боғлиқ кўнгилсиз воқеаларни баён қилиб берди. Шундан кейин мужоҳидлардан қасос олишга аҳд қилгани аниқланди.

Шундан кейин у биз билан бирга душманларга қарши курашнинг олди сафларида турди. Бу каби мисолларнинг сони-саноғи бўлмаган.

– Ҳар қандай уруш пайтида қадимда ва ҳозир ҳам разведканинг ўрни доим ажралиб туради. Урушнинг олдинги сафларида бўлиб, жанглар учун тўғри йўналиш танлаб беради. Сизларнинг муваффақиятли фаолият юритишингизга кимлар кўп халақит берган?

– Разведкачи хирургларга ўхшаб хато қилишга ҳаққи йўқ. Унинг ҳар бир маълумотидан инсонлар зарар, давлатлар талафот кўриши мумкин.

Афғонистонда Гулбиддин Ҳикматиёр, Бурҳониддин Раббоний сингари бошқа турли сиёсий партияларнинг лидерлари бор эди. Ана улар ҳомийлигида қарийб юз минг кишини бирлаштирган уч мингдан зиёд мужоҳидлар отряди бўлган. Ҳар гуруҳнинг ўз хавфсизлик хизмати мавжуд бўлиб, улар аксилразведка фаолиятини олиб борган. Қолаверса, АҚШ ва Ғарб давлатлари коалициясининг махсус хизматлари бу ерда иш юритишган. Уларнинг фаолиятини ҳам анча фаол, деб баҳолаган бўлардим.

80-йилларнинг бошида Ғарб коалицияси чет эллардан форс, турк, ўзбек тилларини биладиган мутахассисларни консуллик ишларига жалб қила бошлайди. Эрон, Туркия, Саудия Арабистони ва бошқа мусулмон ўлкаларининг консуллари билан кўришиб туришга тўғри келган. Ўша йиллари Кобулда 90 дан зиёд хорижий давлатларнинг ваколатхоналари фаолият юритган.

– Ўн йиллик уруш афғонлар қалбида унутилмас чандиқларни қолдирди. Сунатилла Мирзалиев, бу давр хусусида сизнинг қисқа баҳоингизни билсак...

– Юқорида айтган гапимни такрорламоқчиман: мен бу ўн йиллик даврни ҳечам оқламайман. Аммо яна бир тўғри гапни айтадиган бўлсам, Афғонистонда биздан кейин мактаблар, касалхоналар, йўллар, саноат корхоналари қолди. Албатта, кейинчалик уларнинг кўплари йўқ бўлиб кетди, омон қолганларидан афғонлар ҳануз фойдаланмоқда.

Эски ва бугунги Афғонистонни мутлақо қиёслаб бўлмайди. 1979 йилгача бу давлатда ҳаёт нисбатан осойишта, сокин ва барқарор бўлган. Завод-фабрикалар фаолият кўрсатар, ишчилар уй-жой билан таъминланган эди. Бозорларга фақат сара маҳсулотлар олиб чиқиларди. Болалар мактабдан кейин истироҳат боғларида дам оларди.

Аксар совет аскарлари, айниқса, ўрта осиёликлар афғонлар қалбида илиқ таассурот қолдирди. Тўғриси, уларнинг баъзилари билан ҳалигача кўришиб, хабарлашиб тураман.

...2020 йилнинг 29 февраль куни Доҳада (Қатар) Афғонистон ислом амирлиги (Толибон) билан АҚШ ўртасида НАТО қўшинларини афғон ҳудудидан олиб чиқиш бўйича битим имзоланди.

– Афғонлар билан йигирма йил ёнма-ён яшаган халқаро коалиция ортидан бу тупроқларда хотирада сақланажак нима қолди?

– Советларнинг 40-армияси ўн йилдан сўнг тўққиз ой давомида аскарларини Афғонистондан олиб чиққан бўлса, америкаликларнинг йигирма йилдан кейин афғон ҳудудидан чиқиб кетиши эса... маълум. Американинг собиқ Президенти Д.Трампнинг маълумотига кўра, 85 миллиардлик (!) йирик миқдорда замонавий қурол-аслаҳа ва техникани бу ўлкада қолдириб кетилган. Бу қисқа солиштирув мисоли...

– Сиз Афғонистоннинг келажагини қандай кўрасиз?

– Ўтган асрнинг 20 йилларига қадар ўрта осиёлик халқларнинг туриш-турмушида, маънавияти-маданиятида асло фарқ бўлмаган. Тарих дарсликларини, адабиёт намуналарини варақлайдиган бўлсак, ҳамма нарса кўзгудек аён бўлади. Беруний бобомизнинг қабри Ғазна шаҳрида, Алишер Навоийники Ҳиротда, Бобур Мирзоники эса Кобулда ва ҳоказо. Уларнинг барчаси ўз замонида ўша ҳудудларда яшаган, ижод қилган, у ерларни обод қилган.

Ғарб ва Шарқни туташтириб турган қадимий бозорлар мавжуд бўлган. Буюк ипак йўлининг энг самарадор қисми ҳисобланиб, савдо-сотиқ кенг ривожланган.

Табиий бойликларни айтмайсизми? Машҳур Менделеевнинг даврий жадвалига кирган деярли барча кимёвий элементлар Афғонистон ҳудудида топилади.

Марказий ва Жанубий Осиё давлатларини бир-бирига боғлаб турадиган катта транспорт-коммуникация имкониятига эга макон. Бир қатор афғон ҳудудидан ўтувчи трансчегаравий лойиҳалар мавжудки, уларнинг амалга оширилиши минтақамиз давлатлари учун анча самарали бўлади. Улар қаторига «Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар», «Туркманистон-Афғонистон-Покистон» сингари қатор халқаро лойиҳаларни киритиш мумкин.

Мен бу келтирган мисоллар билан айтмоқчиманки, барқарор, тинч, осуда юртда бу лойиҳалар амалга ошади, ерости бойликлари кавлаб олинади, ўзаро манфаатли борди-келдилар йўлга тушиб кетади.

Бунинг учун эса учинчи давлатлар Афғонистонни тинч қўйиши шарт, унинг ички ишларига ғаразли мақсадда  аралашмаслиги лозим. Бунинг ўрнига барча манфаатдор томонлар бу давлатнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувига кўмаклашишига ўз ҳиссаларини қўшмоқлари зарур.

Афғон халқи меҳнаткаш, тадбиркорликда ота-боболаридан келаётган бой тажриба бор. Уларга зарур шароити яратиб берилса, бас! Ана шундан кейингина янги Афғонистонни кашф этишимиз мумкин!

– Ҳурматли устозлар, асосли ва қизиқарли суҳбат учун ташаккур!

Аброр ҒУЛОМОВ,

халқаро шарҳловчи

Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ошкор бўлган тарих сири: мантиқсиз Афғон уруши ва унда қатнашган ўзбек разведкачилари