Ноқонуний энергия истеъмолига қарши сунъий интеллект ечим бўладими?
“Ўзэнергоинспекция”да соҳада янги стратегик режалаштириш ва ривожланиш тизимини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Соҳа вакиллари иштирокида ўтказилган тадбирда “Ўзэнергоинспекция” раҳбари Дадажон Исақулов давлатимиз раҳбари томонидан соҳага қаратилаётган эътибор натижасида энергетика тизимида ислоҳотлар изчил давом этаётгани, бу эса соҳада самарадорликни ошириш ва бошқарув жараёнларини рақамлаштиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Йиғилиш аввалида соҳада коррупциянинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар самарадорлиги таҳлил қилиниб, бу йўналишда келгусида бажарилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, тизимда шаффофликни ошириш ва назорат механизмларини кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбирда қайд этилишича, сунъий интеллект технологиялари келгусида энергия тизимида шаффофликни ошириш, маълумотларни тезкор таҳлил қилиш ва шубҳали ҳолатларни эрта аниқлаш имконини беради. Бу эса ноқонуний энергия истеъмоли ва йўқотишларни камайтиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Шунингдек, мулоқот давомида энергия ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланишни таъминлаш, истеъмолчилар ўртасида тежамкорлик маданиятини ошириш бўйича профилактик тарғибот ишларини фаоллаштириш ҳамда энергия аудити жараёнларини тўғри ташкил этиш юзасидан тегишли вазифалар белгиланди. Инспекциянинг назорат-кимё лабораториялари томонидан истеъмолчиларга сифатли нефть маҳсулотлари етказиб берилиши устидан доимий назоратни кучайтириш бўйича топшириқлар юклатилди.
Йиғилиш якунида соҳада сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, ходимларнинг бу йўналишдаги билим ва малакасини ошириш ҳамда махсус ўқув курсларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА