Ўрта Чирчиқ тумани Ўртасарой маҳалласи ҳудудидаги эски симёғочлар муаммоси йиллар давомида аҳолини қийнаб, ўйлантириб келаётган эди. Маҳалланинг марказий кўчасидаги ёғоч устунлар аҳоли учун хавф ва ноқулайлик туғдираётганди. Айниқса, ёмғирли ва шамолли кунларда электр таъминотида узилишлар бўлиши тез-тез такрорланади. Бу эса, албатта, аҳолига ноқулайликларни юзага келтирар, техникалари ишдан чиқишига сабаб бўлар эди.
Эндиликда эскирган симёғочлар муаммоси ҳам, электрдаги узилишлар ҳам бартараф этилди. Гап шундаки, халқ депутатлари Ўрта Чирчиқ туман Кенгашига “Адолат” СДПдан сайланган депутат Гулнора Мирбобоева томонидан ҳудудда олиб борилган ўрганишлар давомида маҳалла аҳолиси бу каби тўпланиб қолган муаммоларини халқ вакилига очиқ баён этдилар. Эскирган симёғочлар кўп йиллардан буён одамларга ноқулайлик юзага келтираётгани айтилди.

Депутат Гулнора Мирбобоева аҳоли мурожаатларига ечим топиш мақсадида туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборди. Орадан кўп ўтмай, депутат сўрови самара бериб, Ўртасарой маҳалласидаги 36 та эски ва яроқсиз симёғочлар замонавий бетон устунларга алмаштирилди, янги электр симлари тортилди. Шу билан бирга, аҳолининг электр таъминотини янада барқарор қилиш мақсадида маҳалладаги 200 киловаттли трансформатор 400 киловаттли янги қурилмага алмаштирилди.
М.Комилова,
ЎзА